Франция суди Сурия собиқ президенти Башар Асад ва унинг атрофидаги собиқ олти нафар юқори мартабали шахсни ҳибсга олиш учун халқаро ордерлар берди. Бу ҳақда France24 хабар берди.
Бу 2012-йил февралида Суриянинг Хомс шаҳри бомбардимон қилиниши бўйича олиб борилаётган тергов билан боғлиқ. Мазкур ҳужумда 56 ёшли америкалик журналист Мери Колвин (The Sunday Times) ва 28 ёшли франсуз фотографи Реми Ошлик ҳалок бўлган. Франция ҳукумати буни инсониятга қарши жиноят ва ҳарбий жиноят сифатида баҳоламоқда.
Башар Асаддан ташқари ордерлар унинг укаси – 4-зирҳли дивизияни бошқарган Маҳер Асад, собиқ разведка раҳбари Али Мамлюк ва армия бош штабининг собиқ бошлиғи Али Аюбга ҳам берилган. Башар Асад 2000-йилда отаси Ҳафиз Асад вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган эди. У 2024-йил декабрида ҳокимиятдан ағдарилган, оиласи билан мамлакатни тарк этиб, Россияда бошпана олган.
Сурияда фуқаролик уруши 2011-йилда бошланган. 2015-йилдан бошлаб Асад Россияни фаол қўллаб-қувватлаб келган: мамлакатда ҳарбий базалар жойлаштирган ва жангларда расмий Дамашқ томонида қатнашган. Халқаро ташкилотлар Сурия собиқ президенти ва унинг режимини инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузишда бир неча бор айблаган. Аmnesty International ва БМТ маълумотларига кўра, Сурия собиқ ҳукумати оммавий қатллар, қийноқлар, одамларнинг ғойиб бўлиши, тинч аҳолига қарши кимёвий ҳужумлар, мактаблар ва шифохоналарни бомбардимон қилиш учун жавобгар.
“Шифокорлар инсон ҳуқуқлари ташкилоти” 2015-йилда Асад кучлари тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумларнинг 88 фоизига ва можарода шифокорлар ўлдирилишининг 97 фоизига масъул эканини маълум қилган. ФҚБнинг таъкидлашича, Сурия уруши пайтида қўлга олинган Европа давлатларининг камида ўн нафар фуқароси режим томонидан қийноқларга дучор этилган.








