Россия президенти Владимир Путин баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақирув тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий интернет порталида эълон қилинди.
Янги қонунчилик нормаларига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар чақирилмоқда. Мазкур жараён апрелдан июнгача давом этади. Жами 160 минг киши ҳарбий хизматга чақирилади.
Россия фуқароларига “Госуслуги” порталидаги шахсий кабинетига электрон чақирув қоғозлари юборилади. Москвадан чақирилувчилар эса mos.ru порталидан чақирув қоғозларини олади.
2024 йилда баҳорги чақирувда армияга 150 минг киши жалб қилинди, 2023 йилда — 147 минг, 2022 йилда эса 134,5 минг киши. 2024 йил декабрь ойидан бошлаб Россия Қуролли Кучларининг штатлар сони 2 389 130 кишига етди, улардан 1,5 миллиони ҳарбий хизматчилардир.
Мудофаа вазирлигига кўра, армияга чақирилганлар жанговар ҳаракатлар зонасида бўлмайди. Бўлажак чақирув кампанияси Украинадаги кенг кўламли уруш билан “ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ”. Армияга чақирилганлар Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари — Донецк, Луганск, Херсон ва Запороже вилоятларига юборилмаслиги айтилмоқда.
2025 йилнинг февраль ойида Россия Давлат Думасига муддатли хизматга чақиришни кучайтирувчи қонун лойиҳалари киритилган эди. Биринчи қонун лойиҳаси чақирув муддатини бир йилга узайтиради — бу баҳорда берилган чақирув қоғозлари кузги чақирув бошланиши билан ҳам амал қилишда давом этишини англатади. Иккинчи қонун лойиҳаси чақирилувчи яшаш жойини ўзгартиргани ҳақида хабар бермаганда жарима миқдорини 10 000 – 20 000 рублгача оширишни назарда тутади.








