Сурияда собиқ президент Башар Асад тарафдорлари ва янги ҳукуматнинг хавфсизлик хизматлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Тўқнашувлар Суриянинг ғарбидаги Жабла шаҳрида юз берган. Бу ерда Асад ва унинг оиласи мансуб бўлган алавийлар жамоаси истиқомат қилади. Сурия хавфсизлик кучлари Асад даврида махсус кучлар собиқ қўмондони Суҳел ал-Ҳасан билан алоқадор қуролли гуруҳлар билан тўқнашган.
Суриянинг Латакия, Тартус ва Ҳомс шаҳарларида комендантлик соати жорий этилган. Латакия жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Мустафо Кнефати “Асад милициясининг қолдиқлари” Жабладаги хавфсизлик кучларининг назорат-ўтказиш пунктлари ва патрулларига “олдиндан пухта режалаштирилган ва қасддан” ҳужум уюштирганини айтди. Бу “кўплаб ҳарбийларнинг ҳалок бўлиши ва яраланишига” олиб келгани маълум қилинди.
Унинг айтишича, Ҳалаб, Идлиб, Дамашқ, Ҳама ва Ҳомс шаҳарларида ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун намойишлар ўтказилган. Reuters таъкидлашича, ҳозирги тўқнашувлар Суриянинг янги ҳукумати 2024 йил декабрида ҳокимият тепасига келганидан буён юз берган “энг шафқатсиз зўравонлик ҳаракатларидан бири” ҳисобланади.
2024 йил декабрь ойи бошида Сурия президенти Башар Асаднинг ҳукумат кучларига қарши бўлган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” жангчилари Дамашққа кириб, мамлакатда ҳокимиятни эгаллади. Асаднинг ўзи қочиб, бошпана берган Москвада паноҳ топди. Суриянинг ўтиш даври президенти этиб Аҳмад ал-Шаръа тайинланди.








