Daryo

Украина асирга олинган шимолий кореяликларни сўроқ қилди (видео)

КХДР жангчиларидан Шимолий Кореяга қайтишни хоҳлайсизми, деб сўралганда, хавфсизлик хизмати кутилмаган жавоб олган

2 дақиқа ўқиш47 224 кўришлар0 изоҳ0

Украиналик ҳарбийлар Курск вилоятида шимолий кореялик икки аскарни асирга олганди. Президент Владимир Зеленский улар сўроққа тутилгани акс этган видеони эълон қилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Сўроқ пайтида корейслардан қаерда экани ва Украинага қарши жангда қатнашганларидан хабардор бўлган ёки йўқлиги сўралган. КХДР аскарлари қаердалигини билмаслиги, уларга бу фақат ўқув машғулоти деб айтилганини таъкидлаган.

КХДР жангчиларидан Шимолий Кореяга қайтишни хоҳлайсизми, деб сўралганда, хавфсизлик хизмати кутилмаган жавоб олган. Маҳбуслардан бири ватанига қайтишни афзал кўриши, иккинчиси эса Украинада қолишни хоҳлашини айтган.

“Украинада яшашни хоҳлайман”, дея жавоб берган у. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина уларни Россиядаги украин асирларига айирбошлаш доирасида ватанига қайтаришга тайёр.

Агар Ким Чен Ин ўз фуқароларини умуман эсласа ва Россияда ушлаб турилган жангчиларимизга айирбошлашни ташкил эта олса, уларни топширишимиз мумкин. Шимолий Кореядан асирга олинган биринчи аскарлардан ташқари, шубҳасизки, бошқалари ҳам бўлади. Бу фақат вақт масаласи, қачон бизнинг йигитларимиз яна қўлга олишга муваффақ бўлишади.

Дунёда ҳеч кимда шубҳа қолмаслиги керакки, Россия армияси КХДРнинг ҳарбий ёрдамига таянмоқда. Путин уч йил олдин НАТОга ультиматумлар бериш ва тарихни қайта ёзишга уриниш билан бошлаганди, энди эса у Пхеньянниннг бундай ҳарбий ёрдамисиз тура олмаяпти, деди президент.

УХХнинг аниқлик киритишича, 2005 йилда туғилган ҳарбий асирлардан бири 2021 йилдан бери КХДР армиясида ўқчи сифатида хизмат қилган. 1999 йилда туғилган иккинчи аскар эса 2016 йилдан бери мамлакат армиясида мерган-разведкачи бўлган.

Украина ҳукумати 2024 йилнинг октябрь ойида жанговар ҳаракатлар ҳудудида шимолий кореялик ҳарбийлар борлигини қайд этганди. Бу маълумотни Жанубий Корея разведкаси ва АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган. Украина ва унинг ғарблик иттифоқчилари маълумотларига кўра, КХДР Россияга камида 10 минг аскар юборган.

New York Times’га кўра, шимолий кореялик ҳарбийлар ва Украина кучлари ўртасидаги дастлабки тўқнашувлар 2024 йил ноябрь ойида Курск вилоятида юз берган. Жанубий Корея Қўшма штаблар қўмитаси 23 декабрь куни КХДРнинг можародаги йўқотишлари 1100 кишини ташкил этганини маълум қилган. Зеленский 9 январь куни Рамштайнда бўлиб ўтган Украина бўйича йиғилишда сўзга чиқиб, Шимолий Корея Курск вилояти ҳудудида 4 минг аскарини йўқотганини айтган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар