Daryo

Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинди

Юн Сек Ёл мазкур қарорни эркинлик ва демократияни тиклаш ҳамда Жанубий Кореяни КХДР манфаатларига хизмат қилувчи унсурлардан тозалаш зарурлиги билан изоҳлади

2 дақиқа ўқиш23 540 кўришлар0 изоҳ0

Жанубий Корея президенти Юн Сек Ёл телевидение орқали халққа мурожаатида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги.

Фото: Global Look Press
“Шимолий Корея тарафдори кучларни йўқ қилиш ва эркин конституциявий тузумни ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳолат эълон қиламан”, деди президент.

Маҳаллий ОАВга кўра, Юн Сек Ёл, шунингдек, Миллий ассамблея (Жанубий Кореянинг бир палатали парламенти) июнь ойида янги ҳукумат инаугурациясидан сўнг 22 нафар ҳукумат амалдорига импичмент эълон қилишга уринганини айтган.

Бу, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, “нафақат мисли кўрилмаган”, балки давлатнинг суд ва ижро ҳокимиятини фалаж қилади. У, шунингдек, Демократик партияни (парламентда кўпчиликни ташкил этади) келгуси йил бюджетини рекорд даражадаги 4,1 триллион вонга (тахминан 3 миллиард доллар) қисқартириш ниятини танқид қилган.

“Миллий Ассамблеямиз жиноий гуруҳлар уясига айланди. Либерал демократиянинг асоси бўлиши керак бўлган Миллий Ассамблея либерал демократик тизимни йўқ қиладиган йиртқич ҳайвонга айланди”, деди у.

Президент ҳарбий ҳолатнинг жорий этилишини “одамлар эркинлиги ва хавфсизлигини, шунингдек, мамлакатнинг давлатга қарши кучлар ҳаракатларига қарши туришини таъминлашнинг муқаррар чораси” деб атаган. Унинг таъкидлашича, ҳарбий ҳолат фуқароларга бир оз ноқулайлик туғдириши мумкин, бироқ расмийлар бундай ноқулайликларни минималлаштиришга эътибор қаратади.

“Ташқи сиёсатда ўзгариш йўқ, Корея Республикаси ўз масъулиятини ва халқаро ҳамжамият олдидаги ҳиссасини бажармоқда”, дея қўшимча қилган Юн Сек Ёл.

Шу билан бирга, Республика Мудофаа вазирлиги барча қуролли кучлар асосий қўмондонларининг йиғилиши бўлиб ўтгани ва қуролли кучларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги ҳамда шайлигини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилганини маълум қилди.

Юн Сек Ёл ҳарбий ҳолат эълон қилганидан сўнг Демократик партия барча аъзоларини зудлик билан Миллий Ассамблеяга йиғилишга чақирди. Унинг раҳбари Ли Чже Мён президентнинг ҳаракатларини конституцияга зид ва ноқонуний деб атади.

“Халқ кучи” етакчиси Хан Дон Хун ҳам президентнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги қарорини нотўғри деб атаган ва президентнинг ҳаракатларини халқ билан биргаликда тўхтатишга ваъда берди.

<p> </p> <div id="mttContainer" aria-expanded="false"></div>

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар