Daryo

Жанубий Корея собиқ президенти 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

У ҳибсга олишга тўсқинлик қилганликда айбланмоқда. Бу собиқ раҳбарга нисбатан 2024 йилдаги ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ айбловлар бўйича чиқарилган илк суд ҳукмидир.

2 дақиқа ўқиш3 853 кўришлар0 изоҳ3

Сеул Марказий округ суди 16 январь куни Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлни адолат ўрнатилишига тўсқинлик қилиш, хусусан, ҳибсга олишга қаршилик қилганликда ва бошқа қатор жиноятларда айбдор деб топиб, 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда The Коrеа Times хабар берди.

Таъкидланишича, бу Юн Сок Ёлга нисбатан 2024 йилдаги ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ айбловлар бўйича чиқарилган илк суд ҳукмидир. Судья собиқ давлат раҳбарини қуйидаги жиноятларда айбдор деб топди:

  • ҳибсга олиш ижросига тўсқинлик қилиш;
  • Вазирлар Маҳкамасининг конституциявий функцияларини суиистеъмол қилиш;
  • расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва йўқ қилиш.

Махсус прокурор Чо Ун Сок собиқ президент ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини яшириш ва оқлаш учун “давлат институтларини хусусийлаштириб олганини” таъкидлаб, суддан уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Юн Сок Ёл 2025 йил 3 январь куни Ҳаннам-донгдаги президент қароргоҳида ўзини ҳибсга олишга келган Юқори мартабали амалдорлар коррупциясига қарши курашиш бошқармаси терговчиларига қаршилик кўрсатишда айбланмоқда. Ўшанда у президент хавфсизлик хизмати кучларидан фойдаланиб, қонуний амалиётга тўсқинлик қилган. Суд буни давлат вазифасини бажаришга оғирлаштирувчи тўсқинлик деб баҳолади.

Шунингдек, суд 2024 йил 3 декабрда эълон қилинган фавқулодда ҳарбий ҳолат билан боғлиқ вазиятни ҳам кўриб чиқди. Маълум бўлишича, Юн ўша пайтда Вазирлар Маҳкамасининг атиги бир қисмини йиғган ва 7 нафар вазирни мажлисдан атайлаб четлатган. Бу эса вазирларнинг ҳарбий ҳолатни муҳокама қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини бузиш деб топилди.

Бундан ташқари, Юн Сок Ёл ўша вақтдаги бош вазир Хан Дак Су ва мудофаа вазири Ким Ён Хюн билан биргаликда ҳарбий ҳолатга оид ҳужжатни қалбакилаштиргани ва кейинчалик уни йўқ қилгани тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, 2024 йил декабрь ойидаги ҳарбий ҳолат Миллий ассамблея томонидан 6 соат ичида бекор қилинган эди. Шундан сўнг парламент импичмент жараёнини бошлади ва Юн Сок Ёл лавозимидан четлатилди. Ҳозирда собиқ президентга нисбатан яна бир қанча жиддий ишлар бўйича суд жараёнлари давом этмоқда:

1. Исён кўтариш. Ҳарбий ҳолат эълон қилиш орқали давлат тўнтаришига уриниш (Махсус прокуратура ушбу иш бўйича унга ўлим жазосини сўраган).

2. Пхеньянга дронлар юбориш. У Ҳарбий ҳолатни оқлаш учун Шимолий Кореяни провокация қилишда айбланмоқда.

3. Терговдан қочишга ёрдам. Юн Сок Ёл денгиз пиёдаси ўлими бўйича терговдан қочишга уринаётган собиқ мудофаа вазири Ли Жонг Супни Австралияга элчи этиб тайинлашдаги иштироки сабаб айбланмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар