Daryo

Хитой ЖССТга қўшимча 30 млн доллар ажратади

Хитой март ойида ҳам ЖССТга 20 миллион доллар маблағ ажратганди

1 дақиқа ўқиш55 234 кўришлар0 изоҳ0
Foto: CNN

Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қўшимча 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чуньин маълум қилган.

Фото: CNN

Хуа хоним Хитойнинг март ойида ЖССТга 20 миллион доллар маблағ ажратгани ва бу пуллар ташкилотга COVID-19 коронавирусига қарши кураш чора-тадбирларини амалга ошириш учун берилганини қайд этган.

Хитой ТИВ вакилининг баёноти АҚШнинг ЖССТни молиялаштиришдан воз кечганини эълон қилганидан бир ҳафта ўтганидан кейин берилди. Дональд Трамп ЖССТни Хитой берган маълумотларга ишониб, дунё ҳамжамиятини ўз вақтида коронавирус ҳақида огоҳлантирмаганликда айблаган.

«ЖССТ асосий вазифасини бажара олмади ва бунинг учун масъулият бўйнида эканини ҳис этиши лозим. Мен ташкилотни молиялаштиришни улар хато юзасидан тафтиш ўтказиб, коронавирус тарқалишининг асл сабабларини аниқламагунига қадар вақтинча тўхтатаман», — дея таъкидлаган Трамп.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео эса Fox News телеканалига берган интервьюсида Америка ЖССТни молиялаштириш масаласига бошқа қайтмаслиги мумкинлигини билдирган.

«Менимча биз ЖССТни молиялаштиришни қайта кўриб чиқишимиз ва бунинг АҚШга нима беришини таҳлил қилишимиз лозим. Биз ташкилотни 2007 йилда ислоҳ қилганмиз, шу сабабли БМТ қошида ўтирган ушбу ташкилотнинг мукаммал эмаслигини яхши биламиз. Уни яна қайта тузиш керак. ЖССТ тузилмасини ўзгартиришимиз зарур»,— деган Помпео. Мавзуга доир:  АҚШ ҳали ҳам ЖССТнинг энг катта донори ҳисобланади. 2018–2019-молиявий йилида ташкилотга АҚШ томонидан қарийб 900 миллион доллар маблағ ажратилган, Хитой эса ушбу давр мобайнида 85 миллион доллар берган.
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар