Кўпинча энди ўсмирликка қадам қўяётган болалар ва ўқитувчилар ўртасида турли жанжалли вазиятлар кўзга ташланади. Ижтимоий тармоқларда тарқаладиган видеоларда ўқитувчи ва ўқувчи бир-бирига овозини баландлатгани, ҳақоратлагани, баъзида эса вазият қўл кўтариш ёки куч ишлатишгача боргани кузатилади.
Кўпчиликни ўйлантирадиган саволлардан бири бу “Синфда, умуман дарс давомида ўқувчиларни қандай қилиб тинчлантириш мумкин?”, “Асабийлашган ва жаҳл отига минган ўқувчини жисмоний куч ишлатмай, бақир-чақирларсиз хотиржам қилса бўладими?”
Бу каби вазиятларда қўллаш мумкин бўлган кўплаб стратегиялар мавжуд, аммо бунинг учун ўқувчиларнинг миясидаги ҳолатни тушуниш талаб этилади.
Хўш, миянинг хулқ-атворга қандай алоқаси бор? Кўпинча бирор кишининг хулқ-атворини кузатамиз ва бевосита ўша вазиятга қаратилган стратегиялар ҳақида ўйлаймиз. Аммо бундай ёндашувда хулқ-атворга сабаб бўлувчи асосий омил – мияни эътибордан четда қолдирамиз.
Мия барча хатти-ҳаракатларни амалга оширувчи куч ҳисобланади.
Инсон хулқ-атворини шакллантирувчи тузилмаларни тушуниш
Ўқувчилар руҳий инқироз ҳолатида ёки юқори даражада ўзининг характерини кўрсатганда, уларнинг миясидаги амигдала (лот. corpus amygdaloideum сўзидан) деб номланган қисми ишлаётган бўлади. Амигдала ташқи таъсир ёки хавфли ҳолатларда организмнинг ҳимоя реакцияларини бошқаради. Масалан, жанг қилиш (fight), қочиш (flight) ёки қотиб қолиш (freeze) шулар жумласидан.
Бу тузилма ўқувчи танасини хавф остида ҳис қилганида ишга тушади ва уларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилади. Шу сабабли бундай ҳолатларда хулқ-атворга тўғри ёндашиш учун, аввало, миядаги ушбу жараённи тушуниш муҳимдир.
Бундай қийин пайтларда биз ўқувчилардан хулқ-атворларини ўзгартириш учун ўзларининг префронтал кортексларидан (олд мия қобиғи) фойдаланишни сўраймиз. Лори Десаутелс ўзининг “Connections Over Compliance: Rewiring Our Perceptions of Discipline” (Бўйсунишдан кўра алоқа ўрнатиш: Интизомни тушуниш ҳақидаги қарашларимизни қайта шакллантириш) китобида тушунтирганидек, миянинг фаолиятини ўрганиш шуни кўрсатадики, тартибсизлик ҳолатида ўқувчиларда префронтал кортекси фаолиятини тўхтатади.
Миянинг мазкур қисми бизга қарорлар қабул қилиш, мантиқий фикрлаш, ҳаракатларнинг натижасини тушуниш ва танловларимиз оқибатларини кўришга ёрдам беради. Шунингдек, у хатти-ҳаракатларимизни вазиятга ёки ижтимоий ҳаётга мослаштиришга имкон беради. Аммо инқироз ҳолатида миямиз мантиқ, оқибат, сабаб ёки муаммоларда вазиятни таҳлил қилиш қобилиятини йўқотади.
Шунинг учун инқироз ҳолатида бўлган ўқувчилар билан ишлаётганда уларнинг ҳиссиётлари билан (миядаги амигдала реакциясига) алоқани ўрнатишимиз керак. Ҳиссиётларга ва ўқувчилар билан муносабатларнинг асосига эътибор қаратилган стратегияларни қўллаш вазиятни тинчлантиришга ёрдам беради.
Босиқлик ва барқарорлик муҳитини яратинг
Инқироз ҳолатидаги ўқувчилар билан ишлашда нафақат ўқувчиларни тинчлантириш ҳақида, балки ўзимизни бошқаришни ҳам ўрганишимиз зарур. Бизнинг хотиржамлигимиз ва ҳар қандай вазиятда ўзимизни бошқара олишимиз ўқувчилар учун хавфсиз муҳит яратишга ёрдам беради.
Ўзимизни идора қилишда муҳим жиҳатлардан бири бу изчиллик ҳисобланади. Чунки нима юз беришидан қатъи назар, хотиржамликни йўқотмасаккина, ўқувчиларга яхши муносабатда бўлиб барқарорликни сақлашимиз мумкин. Шунда ўқувчилар ўзини чорасиз ҳис қилган пайтларда биздан қандай нажот кутиши мумкинлигини билади.
Ўзимиз ва ўқувчиларимиз учун изчиллик ва барқарорликни яратганимизда, хотиржамликни ҳам пайдо қиламиз. Барқарорлик бошқарувни таъминлайди. Қийин хулқ-атворли болалар билан ишлаш жараёнида педагоглар учун ишлаб чиқарилган CАLМ стратегияси (connect — алоқа ўрнатиш, аffirm — тасдиқлаш, listen — тинглаш, my plan — менинг режам) деб номланган изчил ҳаракатлар кетма-кетлигидан фойдаланишимиз мумкин. Ушбу самарали восита сиз ва ўқувчилар учун бошқарув жараёнига киришишда ёрдам беради.
C: Connect — ўқувчилар билан алоқа ўрнатинг
Қийин хулқ-атвор эгаси билан биринчи марта тўқнаш келганимизда салбий хатти-ҳаракатни тўхтатиш ёки бошқа тарафга йўналтиришдан олдин ушбу хулқ-атворга амигдаланинг жавоби сабаб бўлаётганини эслаш муҳим. Ўқувчилар билан ҳиссий боғланишимиз орқали уларнинг мияларига сигнал бериб, уларни тинчланиши учун муҳит яратишимиз мумкин.
Бундай ҳолатга тўқнаш келганимизда тўхтаб, қуйидагилар ҳақида ўйлашимиз керак: Менинг бу ўқувчи билан муносабатим қандай? У мени ўзига хавфсиз ёрдам берувчи шахс сифатида қабул қиладими? Ўқувчига унинг тинчланишида ёрдам бериш ниятим борлигини қандай етказишим мумкин?
Салбий хулқ-атворни тўғрилашдан олдин, аввало, ўқувчига ва унинг миясига боғланишимиз лозим. Уларнинг қизиқишларига оид бирор мавзуда фикр билдиринг, сизга кўринаётган ижобий хулқ-атворлари учун мақтанг. Самимий оҳангда гапиринг ҳамда тинчланиш жараёнида уларга ёрдам беришни истаётганингизни эслатиб ўтинг.
Ўқувчилар билан алоқа ўрнатишда “9 минут қоидаси”дан фойдаланиш мумкин.
“9 минут қоидаси” Жаак Панксепп томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у бир кунда учта уч дақиқалик машқлар ўқувчиларнинг ўқиш ва эмоционал фаровонлигини яхшилашга ёрдам беришини таъкидлайди. Бу амалиётнинг биринчи қисмини кун бошида, иккинчисини тушлик танаффусларида ва учинчисини кун якунида қўллаш асаб тизимини тартибга солишга, эмоционал барқарорликни тарғиб қилишга ва муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ўқувчилар билан турли усулда саломлашишлар, эрталабки учрашувлар ва бир озгина суҳбат асаб тизимининг бузилишини бартараф этиб, ўқувчиларга эмоцияларни бошқариш, муаммоларни ҳал қилиш ва иш хотирасини яхшилашда ёрдам бериши мумкин.
Биринчи 3 дақиқада ўқувчилар билан алоқа ўрнатиш ўйинлари ўқувчиларнинг ижодкорлигини ривожлантиради. Масалан, “қоғоз йиртиш” амалиётида улар қоғозни бўлакларга йиртиб, дизайнлар яратиши мумкин. “Сув ичиш” машқида ўқувчилар пиёладан сув ичиш давомида ўзларининг кучли томонлари ва ижобий фазилатларини бўлишишлари мумкин.
“Тасаввурингизни ривожлантиринг” машқида ўқувчиларга турли қизиқарли саволлар бериш орқали уларнинг миясини дарсга тайёрлаш мумкин. Масалан, “Олимпиадада қатнашиш имкони бўлса, қайси спорт турида иштирок этардингиз?”, “Одамлар сизни қандай эслаб қолишини хоҳлайсиз?” ва шунга ўхшаш саволлар бериб ўқувчиларни ўрганиш жараёнига жалб қилиш мумкин.
Кун ўртасидаги 3 дақиқалик паузалар ўқувчилар учун қайта тикланишга ёрдам беради. Масалан, “Менинг энг севимли дам олиш жойим”да ўқувчилар орзу қилган манзиллари ҳақида ёзиши ёки расм чизиши мумкин. “Ҳамкорлик ҳикоялари”да эса ўқувчилар ўзлари чизган суратларни бирлаштириб умумий ҳикоя тузиши мумкин. Бу пайтда ўқувчилар дам олиши, сув ичиши, ёки бирор нарса тамадди қилиши мумкин. Бу эса уларни куннинг қолган қисмига қайта тайёрлайди.
Кун охирида сарфланадиган 3 дақиқа таҳлил ва хулосалар қилишга қаратилиши мумкин. Бунда, масалан, ўқувчилар ўзлари эришган бирор ютуқ ҳақида гапириб бериши мумкин, “Якунни топ” машқи орқали ўқувчиларга бирор видео қўйиб, охири қандай тугаши ҳақида фикрлар сўраш мумкин. Ушбу машқлар ўқувчиларга кунни ижобий якунлашга ва кейинги кун учун тайёрланишга ёрдам беради, ижодкорликни мустаҳкамлайди.
А: Аffirm — уларнинг ҳис-туйғуларини тасдиқланг
Ўқувчининг салбий хулқ-атвори кўпинча ёрдам сўрашнинг бир усулидир. Бу ўқувчи уни эшитишларини хоҳлаётганини билдиришга ҳаракат қилаётганини билдиради. Кўпинча улар ҳис-туйғулари ва эмоцияларини фақат шу тарзда ифодалаш мумкин деб ҳисоблайди. Агар биз уларнинг ҳис-туйғуларини тасдиқлаб, эмоцияларини кўрганимизни билдирсак, бу ўқувчига ва унинг миясига унинг ҳис-туйғулари инобатга олинаётганини билиш имконини беради.
Эмоционал тарзда илгари сурилган ва тасдиқловчи ишоралар ўқувчига биз уларни тинглаётганимизни билдиради: “Мен ғазабланганингни биламан; бундай пайтда менинг ҳам жаҳлим чиқарди”. “Ўша вазиятда мен ҳам ўзимни бошқара олмаслигим мумкин эди — бу ростдан қийин ҳолат” деб вазиятни юмшатиш мумкин.
L: Listen — тингланг
Баъзида бу биз катталар учун энг қийин қисм бўлиши мумкин. Ўқувчиларимиз хулқ-атворларини баланд овозда намойиш этган сари биз ўзимизнинг босиқроқ тутишимиз керак. Фақатгина тинглаш эмас, балки тинглаётганимизда уларни тушунишга ҳаракат қилаётганимизни намойиш қилиш жуда муҳимдир.
Тинчлантириш жараёнининг бу босқичида кўпинча ўқувчи суҳбатга киришишни хоҳлаётгани ёки унга вақт ва макон керак экани ҳақида сўраш керак. Ўқувчиларга тинглаётганимизни билдирадиган иборалардан ёки саволлардан фойдаланиш хавфсиз муҳит яратишда жуда муҳимдир: “Ҳолатни менга янада батафсил тушунтириб бер.” “Ўша дақиқадаги ҳис-туйғуларингни тасвирлаб бер”, “Бу воқеа сени қаттиқ ранжитдими?” каби саволлар бериш мумкин.
АҚШнинг 20 та штатида ўтказилган сўров натижаларига кўра, бошланғич синф ўқувчиларининг 55 фоизи, ўрта синф ўқувчиларининг 42 фоизи, юқори синф ўқувчиларнинг 40 фоизи ўзларини ёмон ҳис қилганда ёрдам оладиган катта ёшли одамларни топа олишади. Эмоционал ёрдам ўқувчиларга ҳис-туйғуларини бошқаришда ёрдам беради.
Эмоционал ёрдам бу — ҳис-туйғуларни бошқаришда ёрдам ҳисобланади. Масалан, бола қайғусини камайтириш учун уни қучоқлаб қўйишни сўраши ёки имтиҳондан олдин хавотир олиб ўқитувчига ёзиши мумкин.
Агар уни тушунадиган ва ишончли одамдан ёрдам олса, фойдали бўлади. Дейлик, уни қучоқлаб қўйишларини кутган қизча ёки ўқитувчисига хавотирларини ёзган йигит ўзига керакли тарзда жавоб олмаса, нима содир бўлади? Ўзи шундай ҳолатларда ўқувчилар уларга ёрдам беришга тайёр катталар борлигини ҳис қилиши учун нима қилиш керак?
Эмоционал ёрдам бўйича тадқиқотлар, ўқувчиларнинг ҳиссиётларини ҳукм қилмасдан тинглаш ва уларнинг ҳис-туйғулари табиий эканини уқтиришни маслаҳат беради. Шунингдек, эмоционал ёрдам беришда ўқувчиларнинг ментал (ақлий) саломатлиги, ижтимоий келиб чиқиши ва ён-атрофидаги одамларнинг унга бўлган муносабатини ҳам инобатга олиш зарур.
М: Мy plan — менинг режам
Ўқувчилар амигдала жавобидан чиқиб, миянинг мантиқ ва қарор қабул қилиш қобилиятидан фойдалана бошлаганда, биз уларни ўз фикрларини қайта кўриб чиқишга ёки галдаги қадамларини режалаштиришга ундашни бошлашимиз мумкин.
Рефлексия хулқ-атворни ўзгартиришнинг ажралмас қисмидир ва биз ўқувчиларимизга турли вазиятлардан чиқиб кетишда янги ва ижобий йўлларни яратишда ёрдам беришнинг бир усулидир. Бу босқичда ўқувчилардан кўпинча қуйидаги саволларни сўраш ўринли:
- Кейинги сафар бу ҳис-туйғуларни бошдан кечирганингда бизнинг кейинги қадамимиз қандай бўлади?
- Кейинги сафар нимани ўзгартиришимиз мумкин?
- Бундай вазиятда катта ёшли одамдан нима кутасан?
Худди биз инқироз ҳолатидан чиқиб кетиш учун барқарор ҳисларга эга бўлишимиз керак бўлгани каби, ўқувчиларимиз ҳам ўзларининг изчил мослашув стратегияларини ривожлантиришда ёрдамга муҳтож. Бу босқичда, биз кўпинча улар тонгда кимдир билан гаплашишни хоҳлайдими ёки йўқми, хафа бўлганда қаерда ўзини хавфсиз сезишини ёки ўша пайтларда катталардан қандай муносабат кутишларини муҳокама қиламиз.
Ҳозирги пайтда бу хулқ-атвор ва ўзини тутиши миянинг вазиятга жавоб берувчи ягона ечими ҳисобланади. Шунинг учун ўқувчи муаммосини ҳал қилишда ўша йўлни қўллайди. Биз ўқувчиларнинг мия ҳолатини ўргана бошлаганимизда, бу хулқ-атворга қандайдир чора кўришимиз керак деб эмас, балки унга ёрдам бера олишимиз мумкин бўлган жараён деб қарашни бошлаймиз.
Ўқувчи бошқариб бўлмайдиган хулқ-атворни намоён қилганда у билан бирга бўлиб, ҳамкорликда бошқарув жараёнига киришишимиз керак. CALM стратегиясидан фойдаланиш бу жараённи, ўқувчини ва ўзимизни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Чунки бизнинг мақсадимиз жазоловчи эмас, кўмакчи бўлади.
Эркин Ғайбуллаев
Халқаро таълим эксперти
Изоҳ (0)