Дрон бўлаклари Мосфильм кўчаси ҳудудига тушиб, турар жой мажмуасига зарар етказган. Уйнинг юқори қаватларидаги бир нечта хонадон деворлари қулаган, фасаднинг бир қисми эса тўхтаб турган автомобиллар устига тушган. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
OSINT таҳлилчилари бинога FP-1 туридаги зарба берувчи дрон ҳужум қилганини айтмоқда. Бу ушбу аппаратнинг ҳукумат кварталига бевосита яқинлашган илк ҳолатлардан бири бўлиши мумкин. FP-1 дронлари 1600 километргача масофани босиб ўтишга ва жанговар каллакни ташишга қодир. Бу эса шаҳар ичкарисидаги нишонларга зарба бериш имконини беради.
Дрон ҳужуми 9 май куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган парад арафасида содир бўлди. Шаҳар мери Сергей Собянин ҳукумат квартали ҳудудида дронлар қайд этилганини тасдиқлади, Россия Мудофаа вазирлиги эса мамлакат ҳудудида дронлар оммавий равишда тутиб олинганини маълум қилди.
Ҳарбий-сиёсий шарҳловчи Александр Коваленконинг таъкидлашича, Москвага дрон зарбаси билан боғлиқ вазият ноаниқ ва жавоблардан кўра кўпроқ саволларни келтириб чиқармоқда. Якуний хулосаларни фақат дрон бўлакларини таҳлил қилгандан сўнг чиқариш мумкин. Эксперт бу 9 май арафасида Россиянинг эҳтимолий провокацияси ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этмади.
“Назарий жиҳатдан, Россия томони Украина дронларининг кўплаб қолдиқларига эга ва улардан тегишли ахборот эффектини яратишда фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга, Украинанинг расмий позициясисиз Россия манбаларининг баёнотларига таянмаслик керак”, деди Коваленко.
Шу билан бирга, бундай сценарийда асосий савол очиқ қолмоқда: қандай қилиб битта дрон Москва мудофаасини ёриб ўта олди? Экспертларга кўра, Москвани ҳимоя қилиш учун бошқа ҳудудлардан қўшимча ҳаво мудофаа воситалари олиб келинган бўлиши мумкин. Аммо бундай ҳолатда ҳам тизимнинг ёриб ўтилиши унинг самарасига шубҳа уйғотади.
Коваленконинг таъкидлашича, бу ҳужум Россия ҳаво мудофаа тизимининг самарадорлиги борасида жиддий саволларни туғдиради. Чунки гап мамлакат марказига берилган зарба ҳақида кетмоқда. Уни на қисқа, на ўрта, на узоқ радиусли комплекслар тўхтата олган.
“Агар Россия томони ҳақиқатан ҳам ахборот эффектини яратишга интилган бўлса, “террорчилик ҳаракати”ни саҳналаштириши ва гўёки алоқадор шахсларни ҳибсга олиши мумкин эди. Аммо Москвага кирган дрон билан боғлиқ вазият Россия ҳаво мудофаасининг ҳақиқий ҳолатига нисбатан шубҳаларни кучайтиради”, деди эксперт.
Украина дрони аллақачон Кремльга ҳужум қилган
2023 йил 3 май куни Кремльга иккита дрон ҳужум қилганди. Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот хизмати содир бўлган воқеани “президентга суиқасд” деб атаган, бироқ унинг тунги ҳужум вақтида Кремльда бўлгани номаʻлум эди.
Кремль Россияда энг қаттиқ ҳимояланадиган объектлардан бири. Сўнгги йилларда Кремль девори бўйлаб ёқилган GPS-навигатор билан ҳаракатланган исталган инсон буни амалда синаб кўриши мумкин. Кремльга яқинлашгач, экрандаги белги пойтахт аэропортларидан бирини кўрсата бошлайди. Бу радиоэлектрон кураш тизимининг фаолияти бўлиб, шу орқали оддий тижорий дронларга қарши курашилади, бу каби ускуналар аэропортлар яқинига ҳам ўрнатилган. Бундан ташқари Москвада бир нечта ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам ўрнатилган.
Украина президенти Владимир Зеленский 4 май кунги баёнотида дронлар Москвадаги парадда ҳужум қилиши мумкинлигини истисно этмади. У бу йилги ёз “Путин учун ҳал қилувчи палла” бўлишини таъкидламоқда.