Жаҳон банки ва Италиянинг Cassa Depositi e Prestiti (CDP) давлат банки Роғун гидроэлектр станцияси қурилишини биргаликда молиялаштириш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Тожикистондаги ваколатхонасига таяниб “Интерфакс” хабар берди.
Имзолаш маросими Тожикистон Молия вазирлигида бўлиб ўтган. Битим шартларига кўра, Италия иқлим жамғармаси (Italian Climate Fund) лойиҳани амалга ошириш учун 150 миллион доллар ажратади. Маблағларни Италия Атроф-муҳит ва энергия хавфсизлиги вазирлиги номидан CDP бошқаради.
Роғун ГЭС қурилиши лойиҳаси Жаҳон банки бошчилигидаги 12 та халқаро тараққиёт ҳамкорлари томонидан биргаликда молиялаштирилади. Унинг иштирокчилари қаторига CDP ҳам киради.
“Лойиҳанинг амалга оширилиши Тожикистоннинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда экологик тоза энергия бозорини ривожлантиришга хизмат қилади”, дейди Жаҳон банки.
Бугунги кунга қадар Жаҳон банки гуруҳи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) орқали лойиҳани 650 миллион доллар миқдорида грант асосида молиялаштиришни маъқуллаган.
Роғун ГЭС ёхуд Тожикистоннинг “аср лойиҳаси”
Роғун ГЭС Душанбедан 110 километр узоқликда Вахш дарёсида жойлашган бўлиб, минтақадаги энг йирик иншоот ҳисобланади. Уни қуриш 1976 йилда бошланган, аммо СССР парчаланганидан сўнг қурилиш тўхтатиб қўйилган.
Кейинчалик Тожикистон ўз маблағлари ҳисобидан ва халқаро жамғармалар ҳамда ташкилотларнинг маблағларини жалб қилган ҳолда, лойиҳада кўзда тутилган 600 МВт қувватга эга ГЭСларни қуриш бўйича ишларни давом эттирди. Олтита агрегатдан ҳозирча иккитаси ишга туширилган, учинчисини 2025 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди. 335 метр баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тўғонга айланади. Экологлар Роғун сув омборидан фойдаланиш Амударё қуйи оқимидаги ноёб экотизимлар деградациясини яна 60–100 йилга чўзишидан хавотирда.








