Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф форсий забон давлатлар ва минтақалар иттифоқини тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Avesta” хабар берди.
Муҳаммад Ризо Ориф бу таклифни 15 август куни Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума билан учрашувда илгари сурган. У Эрон ва Тожикистон умумий тил, маданият ва цивилизациявий алоқаларга эга эканини айтган.
Эронлик мулозимга кўра, ушбу ташаббус форсий забон ҳудудда маданий ва цивилизациявий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. У икки давлат вакилларини келгуси учрашувларда бу ташаббусни батафсил кўриб чиқишга чақирган.
Томонлар учрашувда икки томонлама муносабатларни, жумладан, нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам муҳокама қилган. 2026 йилнинг биринчи ярмида Тожикистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 254,3 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,8 миллион долларга ёки 14,8 фоизга кўп. Учрашувда Тожикистон делегацияси таркибида транспорт вазири Азим Иброҳим, “Ориёнбанк” раҳбари Ҳасан Асадуллозода ва Тожикистоннинг Эрондаги элчиси Низомиддин Зоҳидий қатнашган.
Ориф икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги асосий муаммолардан бири сифатида бюрократик тўсиқларни қайд этган. У Душанбе ва Теҳронни уларни бартараф этиш бўйича биргаликда ишлашга чақирган.
Маълумот ўрнида, 14 август куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Турсунзода шаҳрига ташриб буюриб, ўзбек забон аҳоли учун таълим ўзбек тилида олиб бориладиган муассасалар қуришни буюрган эди. Ўшанда президент ушбу муассасаларни ўзбек тилидаги дарслик ва ўқув материаллари билан таъминлашни топширган.








