Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Америка ҳарбий ёрдами тўхтаса, Украинанинг урушда Россияга ютқазиб қўйиш хавфи катта эканидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Voice of America хабар берди.
Ермакнинг сўзларига кўра, Украина Американинг давомли ёрдамисиз урушда мағлуб бўлишининг “катта хавфи” бор.
“Биз учун позицияларни сақлаб қолиш ва шунчаки омон қолиш қийин бўлади. Агар ҳозирда АҚШ Конгрессида муҳокама қилинаётган ёрдам кечиктирилса — қабул қилинмасин демоқчи эмасман — бу биз ҳозир қандай ҳолатда бўлсак, худди шундай ҳолатда қолишимиз учун катта хавф туғдиради. Бу, эҳтимол, ҳудудларни озод қилишни давом эттиришни имконсиз қилади ва урушда ютқазиш хавфини туғдиради”, — дея қўшимча қилди у.
Ермакнинг баёноти Оқ уйнинг Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш бўйича янги саъй-ҳаракатлари фонида янгради. Шу билан бирга, Конгресс ҳали Киевнинг ҳарбий ҳаракатларини молиялаштиришга имкон берадиган муроса битимини тузишга яқин эмас.
Оқ уй бошқарув ва бюджет бўлими директори Шаланда Янг Конгрессга йўллаган мактубида Украинага ажратиладиган пул деярли тугаганини айтганди.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден Конгресснинг Украинага ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш кечикишини танқид қилган.
“Украинани қўллаб-қувватламаслик шунчаки телбаликдир. Бу АҚШ манфаатларига зид”, — деган у.
АҚШ молия вазири Жанет Еллен агар конгрессменлар Украинага ёрдам бериш учун маблағ ажратилишини маъқулламаса, Вашингтон Киевнинг мағлубияти учун жавобгар бўлишини айтди.
Изоҳ (0)