Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев “Қумтор” олтин конидаги коррупция иши бўйича сиртдан ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда республика Олий суди матбуот хизматига таяниб, “ТАСС” хабар берди.
Тегишли қарор Бишкекнинг Первомай тумани суди томонидан қабул қилинди. Бакиев мамлакатни 2005 йилдан 2010 йилгача бошқарган. Суд қарорида мол-мулк мусодара қилиниши, Бакиев уч йил муддатга давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши келтирилган.
Шундай қилиб, ҳукмларга қисман қўшилган ҳолда, Бакиевнинг умумий жазо муддати 30 йилни қаттиқ режимдаги колонияда ўташни ташкил қилади.
“Қумтор” конидаги коррупция иши бўйича айбланувчилар орасида мамлакат собиқ президентининг кенжа ўғли Максим Бакиев ҳам бор. Суд унинг мол-мулкини мусодара қилган ҳолда унга 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бакиев 2010 йилда давлат тўнтариши натижасида ағдарилган. Сиёсатчи Қирғизистонни тарк этган ва ҳозир Беларусда. У аллақачон Қирғизистонда мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бишкек Минскдан Бакиевни экстрадиция қилишни бир неча бор талаб қилган, бироқ ҳар сафар сўров рад этилган.
Изоҳ (0)