Афғонистонда ҳокимият тепасида турган “Толибон” ҳаракати бутун мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлашга эришилгани ва коррупцияга барҳам берилгани ҳақида эълон қилди. “Толибон” ҳукумати бош вазири Муҳаммад Ҳасан Охунднинг Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган мурожаатида шу ҳақда айтилган.
“Афғонистон Ислом Амирлиги (“Толибон” ўз ҳукуматини шундай атайди — “Дарё” изоҳи) бутун мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлаб, душманларнинг барча маккор режаларини барбод қилди. Муҳаммад Ҳасан Охунд барча давлат муассасаларида коррупция ва ўзлаштиришга барҳам берилганини, амирлик раҳбариятининг эшиклари барча афғон халқи учун очиқ эканини қўшимча қилди”, — дейилади Ҳасан Охунднинг идораси тарқатган хабарда.
19 апрель куни “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган мурожаатида Афғонистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш ниятида эмаслигини ва бошқа давлатлардан ҳам шуни кутишини таъкидлаган эди. У “Толибон” расмийларини адолатли иш кўришга ва ҳар қандай дискриминациядан қочишга чақирган.
Шунингдек, Ҳайбатуллоҳ Охундзода дин пешволарига халқни толибларга қарши ҳар қандай исёндан қайтаришни буюрган.
Изоҳ (0)