АПЛ "Манчестер Сити"ни 2009—2018 йиллар оралиғида 100 дан ортиқ молиявий қоидаларни бузганликда айбламоқда
Англия Премьер Лигаси “Манчестер Сити” клубини 100 дан ортиқ молиявий қоидаларни бузганликда айбламоқда.

Премьер Лиганинг расмий сайти маълум қилишича, “шаҳарликлар” 2009/10 йилги мавсумдан 2017/18 йилги мавсумга қадар жуда кўп қоидаларни бузган.
Тергов ишлари 4 йилдан ортиқ давом этди. Жараён 2018 йил декабрда Дер Spiegel газетасида “Манчестер Сити”даги молиявий қоидабузарлик ҳақида мақола чоп этилганидан сўнг бошланган.
2009/10 йилги мавсумдан 2017/18 йилги мавсумгача бўлган йилларда манчестерликлар молиявий аҳволи ҳақида аниқ маълумот бермаган. Гап даромадлар (шу жумладан, ҳомийлардан келадиган даромадлар) ва операцион харажатлар ҳақида кетмоқда.
Премьер Лига маълумотларига кўра, 2009/10 йилги мавсумдан 2012/13 йилги мавсумга қадар “Манчестер Сити” мураббийнинг маоши ҳақидаги тўлиқ маълумотларни киритмаган. Худди шундай қоидабузарликлар 2010/11 йилги мавсумдан 2015/16 йилги мавсумгача айрим футболчиларга нисбатан ҳам содир этилган.
Қайд этилишича, 2013/14, 2014/15 ва 2017/18 йилги мавсумларда “шаҳарликлар” УЕФА клубларини лицензиялаш ва молиявий фейр-плей қоидаларига риоя қилмаган.
2015/16 йилдан 2017/18 йилгача бўлган мавсумларда эса клуб Премьер Лиганинг фойда ва барқарорлик тўғрисидаги қоидаларини бузган.
Ундан ташқари, 2018 йилнинг декабрь ойидан ҳозирга қадар гарчи Премьер Лига қоидалари шуни талаб қилса-да, “Манчестер Сити” ўз текширувларида Премьер Лига билан ҳамкорлик қилмаган ва керакли ҳужжатларни тақдим этмаган.
Ушбу айбловлар бўйича суд жараёни махфий ва ёпиқ тарзда ўтказилмоқда.