Республика захирасида 18 миллион 300 минг доза вакцина бор. Бу ҳақда 23 февраль куни бўлиб ўтган Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Йиғилишда Баҳодир Юсупалиев шу йилнинг август ойига қадар мамлакатга қанча миқдорда вакцина олиб келинишини маълум қилди.
«Коронавирус бошлангандан бери касалликка қарши эмлаш тадбирлари учун олиб келинган ва маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган етти турдаги вакциналар жами 53 миллион 700 минг дозага етди. Шундан 45 миллион 300 минг доза қўлланди. Март, июнь ва июль ойларида яна 4 миллион доза Pfizer, 7 миллион 500 минг доза Moderna вакцинаси олиб келинади», — деди хизмат бошлиғи.
Таъкидланишича, республикада эмланганлар сони 21 миллион 500 минг нафарга етган. Шундан биринчи дозани 19 миллион 600 минг киши, иккинчи дозани эса (тўлиқ эмланганлар) 15 миллион 400 минг нафар шахс олган бўлса, бустер доза олганлар 10 миллион 300 минг нафарни ташкил этмоқда.
«Мамлакатда коронавирус тарқалганлик даражаси 0,4 фоиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари хулосасига кўра, 1 фоизгача бўлган кўрсатгич вазият барқарорлигини англатади. 2022 йилнинг январь ойида 103 тез ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сони республика бўйича 34 мингта эди, охирги кунларда эса 20 мингта бўлмоқда. Яъни деярли 1,5 баробар камайди. Сўнгги кунларда январь ойига нисбатан коронавирус билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган 1- ва 2-сон Зангиота шифохоналарига ётқизилаётган беморлар 7 баравар камайган», — деди Баҳодир Юсупалиев.
Маълумот учун, 22 февраль кунги ҳолатига кўра дунёнинг 221 давлатида жами 426 миллион 500 минг нафар беморда коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 5 миллион 900 минг нафари вафот этган. Ўзбекистонда эса 23 февраль кунги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 235 минг 880 нафарни, соғайганлар 231 минг 32 нафарни (98 фоиз) ташкил этмоқда. Касалликдан вафот этганлар сони 1 минг 626 нафарга етган.
Мазкур йиғилишда 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақмаслигига рухсат берилганди.
Изоҳ (0)