Тошкентда ўзганинг автомобилини миниб қочган қонунбузар фуқаро қўлга олинди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 21 июнь куни соат 04:40 да Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига Lacetti русумли автомобиль номаълум шахс томонидан Шайхонтоҳур тумани Алишер Навоий кўчасида олиб қочилгани ҳақида хабар келиб тушган.
Кўрилган тезкор чоралар давомида соат 05:40 да Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари мазкур автомобилни Юнусобод туманида тўхтаб турганини кўриб қолган.
Қолдириб кетилган автомобиль кўздан кечирилаётганида 102 рақамига 2000 йилда туғилган фарғоналик Шавкатжон К. исмли фуқаро қўнғироқ қилиб, юқоридаги автомобилни у олиб қочганини ва бундан пушаймон эканлигини маълум қилган. Шавкатжон К. ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилгач, Шавкатжон К. Юнусобод тумани ИИО ФМБга етказилган.
Аввалроқ Андижонда олиб қочилган Spark иккита автомобилга бориб урилгани, Фарғонада собиқ куёв қайнанасининг машинасини олиб қочгани, Тошкентда 4-синф ўқувчиси Nexia-3’ни олиб қочгани, Андижондан олиб қочилган Spark Наманганда эҳтиёт қисмларига ажратилган ҳолда топилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)