Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Республикадаги 33 та «қониқарсиз» ҳудуд сафидан жой олган Фарғона вилоятининг Қўштепа ҳамда Фурқат тумани ҳокимлари йўл қўйилган камчиликларни тан олиб, Президентдан, туман аҳолисидан узр сўради. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Халқ депутатлари Қўштепа туман кенгашининг йигирма биринчи сессиясида ҳоким Илёс Новиков 2020 йил якунига кўра, барча соҳаларда ижобий натижаларга эришиб, туманни «қониқарсиз» ҳудуддан олиб чиқишга ваъда берган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Ҳокимнинг маълум қилишича, туманда ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 233,6 миллиард сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 1,2 миллион сўмга тўғри келган. Шунингдек, битта бўш иш ўрнига тўғри келадиган ишсизлар сони 26 нафарни ташкил етган. Туманда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 4,6 фоизи экспортга йўналтирилган. Рўйхатдан ўтган 916 та тадбиркорлик субъектларининг 535 таси фаолият юритмаган ва «ноль» ҳисобот топширган. Президентнинг виртуал ва халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг 36 фоизи қаноатлантирилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, туманда қиймати 331,6 миллиард сўм бўлган 10 та ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади. Хусусан, Fergana Global Textile МЧЖ корхонасининг тўқимачилик кластерини ташкил этиш натижасида 153 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда йил якунига қадар икки мингта янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, туманнинг «Йўлдошобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган кичик саноат зонасида қиймати 21,7 миллиард сўм бўлган 7 та лойиҳа амалга оширилиши ва 415 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фурқат тумани ҳокими Дилмурод Солиев ҳам туман сессиясида сўз олиб, туманни «қизил» ҳудудлар қаторидан чиқариш бўйича «йўл харитаси»ни тақдим қилиб, ҳудудни 2020 йил охиригача «ўрта», кейинги йилда эса «яхши»га ўтказишга ваъда берган.

«Туман ҳокими сифатида барча сектор раҳбарлари номидан айтишим керакки, бу ҳолат юрагимизга найза бўлиб санчилди. Шундай ҳолат бўлдики, бир ҳафта ўзимизга келмадик. Эртага туманнинг иқтисодий тақдири нима бўлади, деган савол қийнади ҳаммамизни. Биз эътирозга учрадикми, демак, энди янги қадам қўйишимиз, маррани каттароқ олишимиз керак. Биз ‘йўл харитаси’ ишлаб чиққанмиз. Бошқа ҳудудларга нисбатан икки-уч баробар кўпроқ меҳнат қилишимиз кераклигини тушуниб етдик. Олийжаноб, танти, меҳнаткаш Фурқат тумани халқидан кечирим сўраймиз. Президентимиздан кечирим сўраймиз. Олдимизга жуда катта маррани олдик. Туманимизни, албатта ‘яхши’ ҳудудлар қаторига қўшамиз», — деди туман ҳокими.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Сессияда бир йил давомида туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилмагани, бу республика миқёсида ҳозиргача қайд этилган энг қониқарсиз натижа экани айтилган.

Ҳоким «Дарё» мухбирининг «Бир йил давомида бирорта ҳам хорижлик инвестор туман иқтисодиётига сармоя киритишга қизиқиш билдирмаганини қандай изоҳлайсиз? Ёки сиз раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги инфратузилма ва шароитлар хорижлик тадбиркорлар талабига жавоб бермайдими?» деган саволига «Хитойнинг BNBM building materials Central Asia хорижий корхонаси билан туманда гипсокартон ва металл профиллар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувимиз бор эди. Барча ҳужжатлар тайёр бўлган вақтда пандемия ва карантин чекловлари туфайли янги ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш масаласида тўхталиш бўлиб қолди. 2021 йилда бу лойиҳани тўлиқ якунлаймиз, натижада туманимизга 50 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади. Бундан ташқари, 2020 йил охирига қадар туманда 35 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 6,7 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда», деб жавоб қайтарган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Бухоронинг Жондор ва Шофиркон, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Мингбулоқ, Андижон вилоятининг Балиқчи, Жалақудуқ, Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Қашқадарё вилоятининг КасбиНишон тумани ҳокимлари ҳудуд «қизил»га тушиб қолгани учун халқдан, давлат раҳбаридан узр сўраганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар