2 январь, пайшанба куни Урумчи—Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган авиарейсда Хитойдан визасиз тартиб бўйича келган илк меҳмонлар Тошкент халқаро аэропортида Туризмни ривожлантириш қўмитаси вакиллари томонидан кутиб олинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш қўмитаси

Чегарадан визасиз ўтган биринчи Хитой фуқароси Ли Жи Лин инвестиция киритиш мақсадида Ўзбекистонни яқиндан ўрганиш учун келган экан.

«Визасиз режимнинг йўлга қўйилиши хитойликларга катта имкониятлар яратади. Ўзим Шандун провинциясидаги йирик компания раҳбариман. Мамлакатингизни ўрганиб чиқиб, унга катта инвестиция киритишни режалаштиряпман. Бугунги кунда хитойликлар дунё бўйлаб жуда кўп саёҳат қилишади: ўтган йили 120 миллион хитойлик дунё бўйича саёҳатга чиққан. Ўйлайманки, бундан кейин Ўзбекистонга кўплаб хитойликлар кела бошлашади», — дейди Ли Жи Лин.

Маълумот учун, Президентнинг 2019 йил 12 сентябрдаги фармонига асосан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Хитой фуқаролари учун 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш имкони яратилган.