Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида «Биз ватанпарварлармиз!» шиори остида маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Жанубий оператив йўналиш бошқаруви гуруҳи, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Сурхондарё вилоят кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий гвардияси вилоят бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамкорлигида ташкиллаштирилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи ёшлар, санъаткорлар, спортчилар ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар армия ва халқ якдиллигини таъминлаш, вилоят ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортга қизиқтириш, маънавий ва ҳуқуқий онгини янада ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир давомида вилоят театр актёрлари томонидан «Алпомиш» достонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди ҳамда ҳарбий оркестр жамоасининг концерт дастури тақдим этилди. Шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ва ота-оналарига қимматбаҳо совғалар топширилди.
«Биз ватанпарварлармиз!» шиори остида бошланган тадбирнинг иккинчи қисми шаҳардаги «Алпомиш» стадионида давом этди. Унда ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари, спорт мусобақалари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Сурхондарё вилоят кенгаши тўгаракларининг фаолияти ҳамда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Шунингдек, «Маънавий юксалиш ва ватанпарваралик куни» куни муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг малака ошириш курсларини тамомлаган Мудофаа вазирлиги тизимидаги тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерларига сертификатлар топширилди.