Оқ уй Дональд Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан 2019 йил 25 июль куни бўлиб ўтган телефон суҳбати матнини эълон қилди. Суҳбат давомида АҚШ президенти украиналик ҳамкасбидан 2020 йилги Америка президентлиги учун сайловларда Демократик партиядан номзод бўлиши кутилаётган Жо Байденга қарши аксилкоррупциявий иш билан шуғуланишни сўраган. Мазкур суҳбат ҳақидаги ахборот ортидан АҚШ Конгрессида импичмент жараёни бошланди — бунақаси Трампнинг Россия билан алоқалари сабаб олиб борилган суриштирувлардан кейин ҳам кузатилмаган эди. Meduza нашри демократлар нима сабабдан импичмент бошлашга қарор қилгани, бу Трамп ва демократларнинг ўзи учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таҳлил қилди.
Ҳаммаси нимадан бошланди?
Импичмент жараёнини бошлашга Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан 2019 йил июлида бўлиб ўтган телефон суҳбати ва Оқ уй ушбу суҳбат юзасидан Америка разведкаси ходимларидан бири берган шикоятни яширишга уринганлиги эҳтимоли туртки бўлди. Таъкидланишича, суҳбат давомида АҚШ президенти Украинага молиявий ёрдам ажратилиши ушбу мамлакатда Хантер Байденга қарши аксилкоррупция иши қайта бошланишига боғлиқлигини англатган (Хантер Байден — 2020 йилги Америка президенти сайловида Демократик партиядан кўрсатилиши мумкин бўлган энг машҳур номзод Жо Байденнинг ўғлидир; Жо Байден Барака Обама маъмуриятида вице-президент бўлган). The Wall Street Journal (WSJ) Трамп суҳбат давомида Байденнинг фамилиясини саккиз марта тилга олгани ҳақида ёзган эди.Оқ уй томонидан чоп этилган расшифровкадан АҚШ президенти Байденни фақат битта гапда тилга олгани маълум бўлди. У ҳақиқатан ҳам Зеленскийдан суриштирув олиб боришни сўраган, бироқ буни молиявий ёрдам ажратилиши шарти ўлароқ гапирмаган. Айни вақтда Оқ уй томонидан эълон қилинган ҳужжатда суҳбат «сўзма-сўз берилмагани» махсус қайд этиб ўтилган.
Трампнинг рақиблари мазкур суҳбатдан у ўзининг сиёсий рақиблари билан боғлиқ шахсий муаммоларини ҳал қилиш учун президентлик ваколатларидан фойдаланишга уринган деган хулосага келиш мумкин, деб ҳисобламоқда. АҚШ Конституциясида ваколатли шахслар, хусусан, президент импичменти учун учта асос санаб ўтилган: давлатга хиёнат, порахўрлик, бошқа жиддий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар. Америкалик юристларнинг таъкидлашича (ҳар ҳолда, баъзилари шундай дейди), «жиддий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар» деганда, энг аввало, ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш тушунилади, Зеленский билан боғлиқ вазиятда эса, Трамп мухолифларининг фикрича, бу яққол кўзга ташланиб турибди. Бошқа бир гуруҳ ҳуқуқшуносларнинг фикрича, амалда ушбу ҳаддан ташқари умумий тушунчага ҳар сафар фақат ва фақат Конгресс томонидан изоҳ берилиши керак.
Трампнинг рақиблари нуқтаи назарига кўра, ушбу ахборот қай йўсинда жамоатчиликка маълум бўлгани ҳам вазиятни АҚШ президенти учун янада оғирлаштиради. Суҳбат устидан шикоят Америка разведкаси ходимларининг бири томонидан берилган ва АҚШ разведка хизматлари бош инспектори Майкл Аткинсон буни ишончли ва эътиборга лойиқ шикоят деб топган. Бироқ Аткинсоннинг бошлиғи — АҚШ Миллий разведкаси директори вазифасини бажарувчи Жозеф Магуайр (у Трамп томонидан тайинланган) шикоятни Конгрессга тақдим этишни рад этган. У бу масалада маслаҳат сўраб Адлия вазирлигига мурожаат қилган, вазирликдагилар эса ҳужжат матнини конгрессменларга очиқлаш шарт эмаслигини билдирган. Импичмент тарафдорларининг фикрича, бу ҳолатни Трампнинг яқинлари томонидан одил судловга тўсқинлик қилишга уриниш деб баҳолаш мумкин.
Трампнинг ўзи бўлаётган воқеаларни «президентга тегажоқлик қилиш» деб атамоқда. Владимир Зеленский эса, ўз навбатида, «мустақил давлатнинг президенти сифатида» унга фақат ўғли босим ўтказиши мумкинлигини маълум қилди.
Лекин нега айнан ҳозир? Нега бу ишлар Трампнинг Россия билан алоқаларини ўрганган Мюллернинг икки йиллик суриштирувидан кейин бўлмаганди?
Бу масалага америкалик сиёсатшунос Жеффри Кабасервис The Guardian газетаси учун ёзган мақоласида тўхталиб ўтган. Унинг ёзишича, махсус прокурор Роберт Мюллернинг ҳисоботидан фарқли ўлароқ, «Украина можароси коррупциянинг очиқ ва яширилмаган намунасини, шунингдек, Америка миллий хавфсизлиги ва сайлов жараёнларига таҳдидларни ўзида жам қилган» — бунда сиёсатшунос Байден 2020 йилги сайловларда Трампга жиддий рақобат туғдириши мумкинлигига ишора қилган.Импичмент жараёни бошлангани ҳақида Демократик партия вакиласи Нэнси Пелоси эълон қилди — у Вакиллар палатаси спикери, унда шундай жараённи бошлаш ваколати бор. Пелоси 2019 йил баҳорида, Мюллер суриштируви хулосалари пайдо бўлишидан анча аввал, Трампнинг лавозимдан четлатилишига қарши чиқишини билдирган эди. Америка тарихидаги учта импичментнинг иккитаси сўнгги ярим асрга тўғри келади. NPR’нинг қайд этишича, сайловчилар бу жараённи кўп ҳам маъқулламайди: боз устига, Билл Клинтонга қарши муваффақиятсиз импичментдан сўнг уни обрўси аввалгидан ҳам ошиб кетган.
Жараён муваффақиятли якунланиши учун президентнинг рақиблари, одатда, унинг ўз партиясидаги тарафдорларнинг ҳам кўмагини қўлга киритиш керак бўлади, чунки импичмент Сенат аъзоларининг учдан икки қисми маъқуллаб овоз берганидагина юз беради. Трамп билан боғлиқ вазиятда бу айниқса муҳим, негаки Сенатда республикачилар 53 та овозга эга, демократларда эса 47 та. Бундай кўмакни қўлга киритиш учун импичмент тарафдорларига рад этиб бўлмас далиллар керак. Баҳорда, Пелосининг фикрича, шундай далиллар йўқ эди. Демократлар Трампга қарши айбловларни илгари суриш керакми ёки президентнинг хатти-ҳаракатларига якдил юридик баҳо бера олмаган Мюллерга — шу масалани ҳал қилиши лозим бўлган бош прокурор Уилям Баррни қаттиқ танқид қилган эди, бироқ шунда ҳам бир нарса аниқ эди: Мюллернинг суриштируви давомида Трампнинг айбини аниқлаб бўлмаган. Шундай экан, бу ҳолатда республикачилар томонда ҳам исён кўтарилишини кутиш ўринсиз эди.
Бироқ ўтган давр мобайнида Демократик партия ичида «Трампнинг очиқ-ойдин кўриниб турган ҳуқуқбузарликлари»ни ортиқ эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини таъкидлаб келган импичмент тарафдорлари ҳали ҳам бор эди. Оқибатда, WSJ маълумотларига кўра, Пелоси ўз партиясидаги иккита шундай гуруҳ — Трамп 2016 йилги президент сайловида ғолиб чиққан округлардан сайланган конгрессменлар (бу конгрессменларнинг қайта сайланиши учун иккиланиб турган сайловчиларнинг кўмаги зарур) ва импичментни қўллаб-қувватлашга қарор қилган яқин ҳамфикрларининг босими остида ён беришга мажбур бўлган.
Пелоси учун Украина билан боғлиқ вазиятда ҳар босқичида Трампнинг юристлари билан олишишга тўғри келадиган махсус суриштирувларга ҳожат йўқлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирги жараёнда Вакиллар палатасида суриштирувни мустақил равишда олиб бориш учун етарли даражада фактлар мавжуд.
CNN’нинг ёзишича, импичмент «тез орада Американинг сиёсий қалби учун курашга айланади: 2020 йилда Оқ уйни ким эгаллаши ва мамлакат яқин йилларда қай йўлдан юриши сайловчиларнинг импичментга билдирадиган муносабатига боғлиқ». Умуман олганда, кўплаб ОАВлар демократлар Трампни ҳокимиятдан четлата олишига шубҳа қилмоқда. Аммо жараён муваффақиятли кечса, улар сайловлар арафасида Трампни кескин тушкунликка тушириб қўйиши мумкин. Адолат бўлсин учун таъкидлаш жоиз, агар демократлар муваффақиятсизликка учраса, ўзларига ёмон бўлади — ҳозир бор ваколатлардан ҳам маҳрум бўлишлари ҳеч гап эмас.
Импичмент жараёни қадамба-қадам қандай кечади?
Суриштирувларнинг бошланиши↓Вакиллар палатасининг олти қўмитасига суриштирув билан шуғулланиш ҳақида топшириқ бергани ҳамон Пелоси биринчи қадамни қўйиб бўлди. Қўмиталар далилларни тўплаб, гувоҳлар билан савол-жавоб қилади.Дастлабки суриштирув↓Мавжуд далиллар тўплангач, юридик қўмита ушбу далиллар Трампни истеъфога чиқариш учун қанчалик етарли экани ҳақида қарор қабул қилади. Бошқачасига айтганда, унинг ҳаракатларини «жиддий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар» деб баҳолаш мумкинми-йўқми, шунга аниқлик киритади. Агар қўмитанинг кўпчилик аъзолари маъқуллаб овоз берса (қўмитанинг 24 аъзоси демократ, 17 нафари эса республикачи), Конгресснинг бутун таркиби билан кўриб чиқиш учун айнан қайси айбловлар муҳокамага олиб чиқилиши ҳам ҳал қилинади.
Вакиллар палатасидаги овоз бериш жараёни↓Агар шу ергача етиб кела олишса, бу импичмент тарафдорлари учун энг осон босқич бўлади: шунчаки кўпчилик овозни қўлга киритишса бас. Ҳозир демократларда 235 та овоз бор, республикачиларда эса 199 та, яна икки конгрессмен эса икки катта партиянинг ҳеч бирига мансуб эмас.
Сенатдаги эшитувлар↓Бу босқичда Сенат иш бўйича тўлақонли эшитувлар бўладиган судга айланади: Вакиллар палатаси делегатлари қораловчиларга, президентнинг юристлари — адвокатларга, сенаторлар эса маслаҳатчилар ҳайъати ролини ўйнайди. Айни вақтда, оддий судлардан фарқли ўлароқ, жараён қандай кечишини Сенатнинг ўзи ҳал қилади. Slate нашрининг ёзишича, Трамп билан боғлиқ вазиятда сенаторлар, катта эҳтимол билан, президентнинг устидан шикоят қилган разведка ходимини ёки Хантер Байденни ҳам кўрсатма беришга чақириш керакми-йўқми, деб узоқ тортишади.
Якуний овоз бериш↓Бу ерда ҳам ҳаммаси оддий: президентни четлатиш учун Сенат аъзоларининг учдан икки қисми маъқуллаб овоз берса кифоя. Шундай бўлса, президентнинг ваколатлари янги сайловларга қадар АҚШ вице-президенти Майк Пенс зиммасига ўтади.
Изоҳ (0)