Ерга яна бир астероид яқинлашмоқда, аммо у сайёрамизга ҳеч қандай хавф туғдирмайди, деб ёзмоқда AstroNews.
Маълум бўлишича, 10 август куни 2006 QQ23 астероиди соатига 16740 километрда ҳаракатланиб, Ердан атиги 0,049 астрономик бирлик (7,3 миллион километр)да учиб ўтади.
Қайд этилишича, бу унча яқинмасдек кўринса ҳам, астероидни Ерга яқин объект сифатида қараш мумкин. Бундан ташқари астероид Ердан 0,05 астрономик бирликдан қисқа масофада ўтгани учун уни хавфли астероидлар қаторига қўшиш мумкин.
Ушбу астероиднинг диаметри тахминан 570 метрни ташкил этади. Бу эса АҚШдаги машҳур Эмпайр-стейт-билдинг ўсмонўпар биноси баландлиги (443 метр)дан ҳам каттадир.
NASA’нинг қайд этишича, ҳозирда ушбу космик жисм Ерга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Ҳозирда Қуёш тизимида катталлиги 1 километрдан ортиқ, яъни 2006 QQ23 астероидидан каттароқ бўлган 900 га яқин астероидлар мавжуд.
Таъкидланишича, астероид келажакда Ерга тўқнашмаслиги маълум бўлса ҳам, NASA ерга яқин объектларни кузатишда ва астероид хавфига қарши чоралар ишлаб чиқишда давом этади.
Изоҳ (0)