Сингапур мактабларида безорилик қилганлар калтакланади
Сингапур мактабларида янги қоида жорий этилди. Эндиликда бошқаларни ҳақоратлаган ёки безорилик (буллинг) қилган ўғил болалар, жумладан, кибербезорилар ҳам таёқ билан калтакланиши мумкин. Жазо охирги чора сифатида қўлланади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
5 май куни парламентда муҳокама қилинган янги қоидаларга кўра, ўғил бола ўқувчилар таёқ билан уч мартагача урилиши мумкин. Таълим вазири Десмонд Ли қонунчиларга ушбу жазонинг қўлланиши бўйича тушунтириш берди. Унинг айтишича, калтаклаш жазоси фақат бошқа барча чоралар натижа бермаганда ва қилинган иш жуда оғир бўлганда қўлланади.
Жазо жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- жазони қўллаш учун мактаб директори рухсат бериши шарт;
- жазони фақат махсус ваколатли ўқитувчилар ижро этади;
- ўқувчининг ёши ва унинг ўз хатосидан хулоса чиқарган ёки йўқлиги ҳисобга олинади;
- жазодан сўнг мактаб жамоаси ўқувчининг ҳолатини кузатади ва унга психологик ёрдам (консултация) беради.
Фақат ўғил болалар учун
Ушбу жазо фақат юқори бошланғич синф (9-12 ёш) ва ундан катта бўлган ўғил болаларга нисбатан қўлланади. Лининг таъкидлашича, мамлакат Жиноят-процессуал кодекси аёлларни калтаклашни тақиқлайди. Қиз болалар учун эса бошқа жазолар белгиланган. Улар дарсдан кейин олиб қолиниши, мактабдан вақтинча четлатилиши ёки хулқ-атвор баҳоси пасайтирилиши мумкин.
БМТнинг болалар агентлиги — ЮНИСЕФ каби халқаро гуруҳлар болаларга нисбатан жисмоний жазо қўлланишига қарши чиқмоқда. Уларнинг фикрича, бу боланинг жисмоний ва руҳий саломатлигига зарар етказади. Шунингдек, вақт ўтиши билан бола хулқ-атворида муаммолар кўпайишига сабаб бўлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 1,2 миллиард бола уйида жисмонан жазоланади. Ташкилот бу ҳолатни болалар ривожланиши учун жуда зарарли деб ҳисоблайди.
Сингапурда таёқ билан калтаклаш жазоси илк бор ХIХ асрда Британия мустамлакачилари томонидан жорий этилган. Бугунги кунда ҳам ушбу жазо 50 ёшгача бўлган эркак жиноятчиларга нисбатан қўлланади. Жумладан, ўғрилик, фирибгарлик ёки визасиз яшаш муддати 90 кундан ошиб кетган тақдирда ушбу жазо қўлланиши мумкин.