Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўтган йилнинг ёз ойларида Самарқанддаги 64-махсус мактаб-интернати билан болиқ видеолар интернет оламида катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Айнан ушбу ҳолатдан сўнг прокуратура томонидан мактаб-интернат директори Шуҳрат Садиновга нисбаттан турли айбловлар эълон қилинди.

Фото: «Газета.uz»

Фото: «Газета.uz»

Яқинда мазкур ҳолат бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Ҳукмга кўра, Шуҳрат Садинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 103, 110, 167 ва 206-моддаларининг тегишли бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Шуҳрат Садинов ва унинг ҳимоячиси Амриддин Содиқов суд жараёнида айрим ҳолатларга очиқдан-очиқ кўз юмилиш, адвокатлар томонидан асосли тарзда талаб этилган ҳолатлар эътиборга олинмаганидан шикоят қилиб, ушбу жиноят ишини атрофлича ўрганишини сўраб «Дарё»га мурожаат қилди.

«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси, «Antique World» халқаро илмий академияси профессори, «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил» эсдалик нишони соҳиби, Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими бошқармасининг қатор фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган, тўрт зиёли фарзанд отаси Шуҳрат Садинов билан боғлиқ суд жараёнини атрофлича ўрганди.

«2018 йилнинг 26 июль куни Шуҳрат Садинов 17 нафар тарбияланувчиларни муттасил равишда уриб-дўппослаб қийнаб келганликда айбланиб, Жиноят Кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди ва 206-моддасини 1-қисми билан айб эълон қилинган. Лекин мавжуд суд-тиббий экспертиза хулосалари терговчининг ҳали иш юзасидан сўроқ қилмасдан ва тарбияланувчиларга тан жароҳатлари ким томонидан етказилганлигини аниқламасдан туриб Шуҳрат Садиновга кўр-кўрона айб эълон қилган», — дейди Амриддин Содиқов. (Экспертиза хулосалари таҳририятда бор).

Адвокат томонидан жиноят иши бўйича ушбу ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида бир қатор тергов ва текширув ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритилгач, 2018 йил 22 октябрь куни терговчи томонидан ЖПКнинг 362-моддасига асосан айблов ўзгартириш ўрнига айбловни тўлдириш тўғрисида қарор чиқарилиб, ундан суд-тиббий экспертиза хулосаларига асосан тан жароҳатлари олган тарбияланувчилар саккиз нафаринингисмфамилиялари чиқариб ташланган. Бу ҳолат – прокуратура терговчисини жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини ўтказишда жиноят процессуал кодексида кўрсатилганиш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши кераклиги тўғрисидаги талабларнинг қўпол равишда бузилишидан далолат. Табиийки терговчи бу даражада уқувсиз бўлиши ҳам мумкин эмас. Уни бундай қўпол хатога қилишга нима мажбур қилган? Бу эса ҳар қандай кишига шубҳа уйғотиши табий.

Терговчининг қароридаги жабрланувчиларнинг суд-тиббий экспертиза хулосалари, тергов ва суд мажлисида берган кўрсатмаларига эътибор қарацак. Ушбу қарор билан Шуҳрат Садинов 8 нафар тарбияланувчини мактаб тартиб қоидаларига риоя қилмаётганликларини рўкач қилиб, уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб-дўппослаб қийнаб келганликда айбланиб унга Жиноят Кодексининг 110-моддасини 2-қисми «а» банди ва 206-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган.

«Ажабланарли томони шундаки, уларни сўроқ қилиш баённомаларида Шуҳрат Садиновни айблаш учун асос бўладиган кўрсатмалар бир хил маъно ва бир хил матнда ёзилиб, битта сўроқ баённомасида ёзилган кўрсатмалар бошқа сўроқ баённомаларида ҳам кўчириб ёзилиб, уларга имзо қўйдириб олинганлиги аниқланган. Худди шу ҳолат суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчиларнинг берган кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топган? Яъни, «жабрланувчилар» ўз кўрсатмаларида сўроқ баённомасини ўқиб чиқмаганликлари, шунинг учун баённомада нималар ёзилганини билмасликлари, баённомаларни терговчи ўзи копютердан чиқариб уларга бериб «сўроқ баённомасини ўқиб чиқдим, менинг сўзларимдан тўғри ва аниқ ёзиб олинган, қўшимча ва эътирозларим йўқ» деган сўзларни кўчириб ёзиб уларга имзо қўйишларини айтган. Ушбу баённома суд мажлисида ўқиб берилганида ундаги сўзлар нотўғри ёзилганини маълум бўлди. Нима сабабдан уларга бир хил айбловлар принтердан чиқариб берилиб, қўл қўйдириб олинди. Садиновни айбдор қилиш кимга керак бўлди? Судьягами ёки прокурорга?!», — дейди Амриддин Содиқов.

Адвокат Амриддин Содиқовнинг маълум қилишича, жиноят ишида мавжуд бўлган жабрланувчиларнинг суд-тиббий экспертиза хулосалари билан танишиб чиқишда уларнинг аксарияти эксперт томонидан экспертиза ўтказиш жараёнида педагог иштирокида сўралганида уларни мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов урганлиги тўғрисида гапирмаганликлари аниқланган. Жумладан, жабрланувчи Элмурод Мирзаев ўз кўрсатмасида аслида уни мураббийлари урганини таъкидлаган. Яна бир жабрланувчи Алишер Абдуллаев ўзини Азиз исмли тарбиячи ва бошқа куни хўжалик бўлими мудири урганини билдирган. Рахул Халимов эса ўзини Шерзод исмли тунги тарбиячи тартибга риоя қилмаганлиги учун чап оёғига урганлигини билдирган. Экспертиза хулосаларида юқоридаги каби бошқа тарбияланувчиларга ҳам қўл кўтармагани ойдинлашган. Аммо негадир қонунга хилоф равишда айнан Садиновга нисбаттан айблов эълон қилинганлигини тушуниш қийин. Шаҳар прокуратураси терговчиси томонидан жабрланувчиларни сўроқ қилиш жараёнида суд-тиббий экспертиза хулосаларига ҳатто эътибор қаратилмаган. Хўш, нима учун?!

Энг таажжубланарлиси, жабрланувчилар М.Эгамбердиев ва Ф.Исматовлар суд-тиббий экспертизасида ва дастлабки терговда уларни тунги тарбиячи урганлигини кўрсатган бўлса-да, уларга нисбатан ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

«Судда жабрланувчи сифатида тўққиз нафар вояга етмаган бола иштирок этган бўлса, уларнинг 6 нафари ҳақиқатан ҳам калтакланганини рад этди. Судгача, тергов жараёнида экспертиза ўтказилганида ҳам жабрланувчиларнинг аксариятида калтаклангани бўйича айбловлар ўз исботини топмади», — дейди Амриддин Содиқов.

Саккиз нафар жабрланувчи деб кўрсатилганлар тергов жараёнида ишдан четлаштирилиб, бошқа жабрланувчилар киритилган. Сабаби улар биринчи тергов жараёнида босим остида интернат раҳбарига қарши кўрсатма бергани маълум бўлган. Шундан сўнг улар судда гувоҳ сифатида иштирок этиб, бор ҳақиқатни сўзлаб беришган. Улардан бири, Омонов Суҳроб судда гувоҳ сифатида иштирок этиб (дастлабки терговда жабрланувчи), 2018 йил июль ойида 64-сонли махсус мактаб интернетга келгани, уни интернат тарбиячиси С.Мансурова болалар меҳнат машғулотида ишлаётган вақти расмга туширишни, текширувчилар келганда эса, ҳушидан кетиб ўзини, касалга солишини тайинлаганини судда билдирган. Агар шу ишни қилмаса, тарбиячи уни ўлдириш билан таҳдид қилганини айтган. Суд эса буни ҳам эътиборга олмаган. Қизиқ томони шундаки, суддаги тўғри кўрсатмаси учун С.Омонов тарбиячининг кўрсатмаси билан мактаб-интернатида калтакланган. Худди шу ҳолатни С.Омонов навбатдаги суд мажлисида ҳам тўлиқ айтиб берган. Афсуски бу сафар ҳам судья унинг сўзларини инобатга олмаган.

Яна бир тарбияланувчи, тергов давомида жабрланувчи, судда эса гувоҳ сифатида иштирок этган Муҳаммад Ўктамов ҳам ўз сўзида тарбиячи С.Мансурова терговдан олдин, бутун синфни йиғиб, «Агар биз директорни йўқ қилсак, Акбар Мадатов ўрнига директор бўлиб келади. Кейин сизларни муддатидан олдин уйларингга жавоб берворади» деган гапи учун, директорга қарши кўрсатма берганини тан олиб судда ҳақиқатни айтишга қарор қилганини билдирган. Бу кўрсатма ҳам эътиборсиз қолдирилган. (Таҳририятда ёзма тилхати бор).

Шуҳрат Садиновнинг адвокати унинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишига сабабчи бўлган айбловнинг далиллари ҳақиқатдан узоқлигини айтмоқда. Бу айбловнинг нима эканини ёзишдан олдин ҳаммаси нимадан бошланганига тўхталиб ўтайлик. Шунда масала моҳияти ўз ўзидан ойдинлашади.

«Интернатнинг ички тартиб қоидаларини бир неча марта бузган, номуносиб ҳаракатлари учун педагогик кенгаш томонидан муҳокама қилинган, интизомий жазога тортилган тарбиячи Сайёра Мансурова 2018 йил июль ойида бир неча собиқ тарбиячилар, айрим тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари билан келишган ҳолда Ш.Садиновга нисбатан ғараз мақсадда, туҳмат ва сохта далиллар билан республика ҳуқуқ тартибот идораларига шикоят хати уюштирган,

Мазкур сохта иш бўйича судда тарбиялананувчилардан бири сўзлаб ҳам берган. Ана шу ёзма мурожаат ўрганилмасдан интернет нашрларида чоп этилгач, ўқувчилар орасида катта шов-шув ва норозилик юзага келди. Ўрганилмаган, аниқланмаган маълумот орқасидан жамоатчиликда 64-махсус мактаб интернатда болаларга қийноқ ва бошқа ноинсоний муносабат бўлаётгани бўйича тушунча пайдо бўлди. Ҳали ҳеч нарса исботланмасдан прокуратура органлари томонидан Шуҳрат Садиновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилади», —дейди Амриддин Содиқов.

Амриддин Содиқовнинг айтишича, мазкур ҳолат бўйича дарҳол тергов ҳаракатлари бошланиб, иш вилоят ва республика прокуратураси назоратида эканлиги оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган. Аммо ўрганишлар аслида воқеалар бу даражада эмаслиги, С.Мансурованинг ўзаро адоват натижасида уюштирган туҳмати эканлиги ойдинлашади. Бироқ, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, аммо катта шов-шувга сабаб бўлган воқейликдан сўнг прокуратура аслида нотўғри маълумотни тарқатиб юборибмиз деган баёнотни ўзи учун шармандалик эканини тушуниб қолган. Натижада отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган, Ш.Садинов ишини олиб борган Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳам, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди вакиллари ҳам юрак ютиб Ш.Садиновга қўйилган айбловлар нотўғри экан деган гапни айта олмаган.

Айтганда тақдирда эса асоссиз маълумотни тарқатган шу тизимнинг юқори органлари масъулиятни бўйнига олишига тўғри келарди. Демак, энди орқага йўл йўқ. Садинов жиноятчи деб ўрганилмасдан эълон қилиндими охиригача шундай бўлақолсин! «Битта одамнинг тақдири прокуратура ёинки суднинг обрўйи олдида ҳеч гапмас!» Ҳар ҳолда воқеалар ривожи ана шу тахминлар томон етакламоқда.

Терговчи томонидан қўйилган айбловлар Ш.Садиновни узоқ йил озодликдан маҳрум қилишга етмайди. Шу сабабдан бўлса керак, Садиновга энди жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари бўйича ҳам айблов қўйиладиган бўлди. Бу – муайян вақт давомида муттасил равишда зарар етказилиб, жисмоний оғриқ ва маънавий уқубат келтириб чиқарадиган фаол хатти-ҳаракатлар содир этиш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш дегани! Бунинг учун мактаб-интернат тарбияланувчиси Б.Жумақуловнинг мактаб интернатдан уйига кетганидан сўнг салкам 40 кун ўтиб (!) ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилиши муҳим далил вазифасини бажарди.

«Судда Б.Жумақуловнинг отаси Б.Ҳамдамов иштирок этиб, ўғлининг ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилишида Садиновнинг мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди. Директор ўғлини урмагани, ҳатто ҳақорат ҳам қилмаганини таъкидлади. Аммо барчанинг кўз ўнгида ўтган очиқ суд мажлисида бу эътиборга олинмади. Манашу эътиборсизликнинг ўзи жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг айрим вакиллари учун шармандалик эмасми? Холбуки, Б.Ҳамдамов ҳолатни икир-чикиригача сўзлаб, бўлиб ўтган воқеанинг асл сабабларини тўлиқ ва асосли қилиб келтирган эди», — дейди Амриддин Содиқов.

Масалага яна бир марта аниқлик киритиш учун Б.Ҳамдамов билан суҳбат уюштирдик. Б.Ҳамдамов ҳақиқатан ҳам ўғлининг хулқ атвори салбий экани, ўзи уддалай олмагани, ўғрилик қилгани, ёлғон гапиришга мойиллиги борлигини сўзлаб берди. Отанинг айтишича, ўғли ўғирлик жинояти билан қўлга тушгач, ички ишлар ходимлари болага психолог ёрдами зарур эканини уқтирган. Шундан сўнг мазкур мактаб-интернатга юборилган, ўғлини хабар олиб туриши, бу ердаги шароитлардан қониқиши, ўғли шу ерда вақтида тарбияси ижобий томонга ўзгарганини маълум қилди.

Б.Ҳамдамовнинг айтишича, ўғли бир неча марта интернатдан қочган. Учинчи марта қочганида Бухорога, ўз уйига келган. Отаси дарров интернатга қўнғироқ қилиб ўғлининг уйга келганини маълум қилади. Ўғли уйни соғингани учун энди расман таътилга рухсат беришларини сўрайди. Рухсат берилгач, ота-онанинг тилхати, Бухоро вилоят Қоракўл туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг кафолат хати билан ўғли таътилга чиқади. (Тилхат бор.)

Орадан салкам қирқ кун ўтиб Б.Жумақулов уйидан пул ўғирлаб Бухорога шаҳрига бориб, кийим-кечак, ўйинчоқлар олгани, уйига қўнғироқ қилиб, Олот туманида эканини айтади. Отаси уйга тез қайтишини талаб қилади. Шундан сўнг бола ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилади. Отанинг фикрича, ўғли пул ўғирлагани учун отасидан қўрқиб, жонига қасд қилишга ҳаракат қилган. (Аудиоёзув бор).

Тарбияланувчи Б.Жумақуловнинг ўзи билан бўлиб ўтган суҳбатда Ш.Садинов унга ҳеч қачон ноинсоний муносабатда бўлмагани, урмагани, аммо Жасур исмли тарбиячи унга қўл кўтарганини сўзлаб берди. Бола – судда ҳам бу ҳақда айтиб берган. Аммо минг афсус ва таажжубки на боланинг ва на унинг отасининг кўрсатмалари судда эътиборга олинмаган. Садинов айбдор, тамом – вассалом! Энг ҳайратланарлиси, жиноят процессуал кодексида ҳам, бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам терговдаги эмас, суддаги кўрсатмалар инобатга олинишини аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Наҳотки биз билган бу қоидани прокуратура ва суд органлари билмайди!

Дарвоқе, бундан ташқари Садиновга ғайриқонуний тарзда яна бир қатор айбловлар қўйилган. Жумладан, Самарқанд вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси назорат тафтишчиси томонидан мактаб-интернатнинг 2016 йил 01 декабрдан 2018 йил 1 июлгача бўлган даврида давлат молиявий назорат тадбири ўтказилади. Ана шу тафтиш жараёнида ҳам бир қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилган.

Хусусан, Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг бошқа ходимлар қатори Ш.Садиновни рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқлари асосида унга рағбатлантириш тариқасида ва моддий ёрдам ажратиш тўғрисида буйруқлари асосида пуллар тўғри берилган бўлса-да тафтишчи томонидан далолатномада атайин нотўғри берилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Адвокат А.Содиқовнинг билдиришича, ўндан зиёд шу каби камчиликларга йўл қўйилган ва Ш.Садинов айбдор деб топилган. Холбуки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг адвокатга жавоб хатида Садиновга берилган мукофот пулларининг ноқонуний эмаслиги баён этилган. (Жавоб хати бор.)

Адвокат ана шу каби важлар билан бутун умрини ёшлар тарбиясига бағишлаган юқорида айтганимиздек, кўп марта меҳнатлари эътироф этилган, қисқа вақт ичида интернатдаги болаларнинг меҳрибон мураббийига айланган зиёли инсон шу тариқа даҳшатли жиноятчига айлантирилганидан норози. Унинг фикрича, директордан жиноятчи ясашга шу даражада очиқ ойдин киришилганки, тарбияланувчилардан тушунтириш хати олишда барчасида айнан С.Мансурова педагог сифатида иштирок этган. Ҳатто тарбияланувчилардан бири судда Садиновга туҳмат қилмагани учун С.Мансурова томонидан тазйиқ остига олингани бўйича, фото ва аудиоматериаллар келиб тушди.

Юқорида Шуҳрат Садиновнинг адвокатининг фикрлари келтирилган. Қонун бўйича суд ҳукмидан норози томон ҳукм устидан апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди