Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 16–17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди, деб эслатади ЎзА.
Қозоғистон раҳбари бугун, 17 сентябрь куни Туркманистонга жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.
Аввал хабар қилинганидек, ташрифнинг асосий тадбирлари 16 сентябрь куни бўлиб ўтди.
Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Президентлар пойтахтдаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди.
Изоҳ (0)