Pakistan International Airlines авиакомпанияси учувчиси Исломобод—Лондон рейси амалга оширилаётган вақтда ўз жойида иккинчи учувчини қолдириб, ухлаш учун йўловчилар салонига ўтди. Қолдирилган иккинчи учувчи бошқарувни ўрганаётган ўқувчи бўлган, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса 26 апрель куни самолёт бортида 305 нафар йўловчи бўлган вақтда содир бўлган. Шу куни ҳаво кемасига учувчи Амир Ахтар Ҳошимий жавобгар бўлган. Иккинчи учувчи Али Ҳасан Яздоний бўлгани, бошқарувни ўрганаётган стажёр эса Муҳаммад Асад Али экани қайд этилди.
Ахборотга кўра, Ҳошимий бошқарувни Алига топшириб, мизғиб олиш учун йўловчилар салонига ўтган. Иккинчи учувчи Яздоний кузатувчи жойини эгаллаган.
Ушбу воқеа ўз ҳисоботида одамларнинг шикоятларини айтиб ўтган стюардесса туфайли ошкор бўлди. Стюардессанинг сўзларига кўра, йўловчилардан бири «кема капитани бизнес-классда ухлаётган вақтида ўзини хавфсизликда ҳис қилмаётгани»ни айтган.
Авиакомпания вакили Ҳошимий воқеа бўйича тергов ишлари якунлангунига қадар парвозлардан четлаштирилганини маълум қилди.
Изоҳ (0)