Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллиги ҳамда Британия қонунчилик органида Ўзбекистон бўйича умумпартиявий парламент гуруҳи тузилганига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Британия парламенти, ташқи ишлар, мудофаа, халқаро савдо вазирликлари ва бошқа идоралар ҳамда жамоатчилик, ишбилармон ва маданий доираларнинг вакиллари иштирок этди.
Тадбир чоғида қайд этилганидек, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи асрларга бориб тақалса-да, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1993 йили Лондонга ташрифи чоғида замонавий муносабатларга асос солинган эди.
Кейинги йиллар давомида Ўзбекистонга Бирлашган Қиролликдан 40 дан зиёд делегация келди. Ўтган йили икки томонлама маҳсулот алмашиш ҳажми 2015 йил кўрсаткичларига таққослаганда 43 фоизга ошди. Ўзбекистонда бир неча юзлаб Британия компанияси фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон бўйича умумпартиявий парламент гуруҳи раиси, Буюк Британия парламенти қуйи палатаси тартибот сиёсати қўмитаси раиси Эндрю Бриджен Ўзбекистонда бўлган чоғида мамлакат ҳақидаги маълумотлари янада бойиганини маълум қилди.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича департаменти директори Майкл Татам бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сиёсат, савдо, хавфсизлик, таълим ва маданият сингари кўпгина соҳаларни қамраб олганини қайд этди. Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Британия кенгаши, республикада 20 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган Британия кенгаши фаолиятига юқори баҳо берди.
Изоҳ (0)