Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси (ИБК) ва Тошкент авиация транспорт прокуратураси томонидан ҳаво йўллари орқали товарларни олиб ўтаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун очиқ мулоқот ташкил қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, 2016 йилда амалдаги қонунчиликка мувофиқ «Тошкент-Аэро» ИБК томонидан тадбиркорларга божхона тўловлари бўйича 4,8 триллион сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзлар берилган.
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда товарларнинг божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун бир нафар божхона ходимининг бир соатлик иш вақти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди.
Масалан, ўтган 2016 йилда «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан товарларнинг белгиланган жойдан бошқа жойда ўтказилган божхона расмийлаштируви учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан 75,3 миллион сўм миқдорида йиғимлар ундирилган. «Демак, ушбу йилдан бошлаб, бу каби харажатлар тенг ярмига қисқариб, тежалган маблағ тадбиркорнинг ўз ихтиёрида қолади», — дейилади қўмита ахборотида.
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларнинг экспорти бўйича тузилган экспорт шартномаларини ҳам божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди. Тадбиркорлар эндиликда шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишига ҳожат қолмади.
«Тошкент-Аэро» ИБК томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш учун фуқаролар қабулхоналари ташкил этилган. 2017 йил бошидан буён комплексда 14 нафар жисмоний ҳамда юридик шахс вакиллари қабул қилинган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)