Брюсселлик олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, чумолилар ўзларининг ойнадаги аксини таний олар экан. Айрим приматларга хос ушбу хусусият одатда ўзлик ва онг борлигидан далолат ҳисобланади, деб хабар беради «National Geographic Россия».

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Бельгиялик энтомологлар Мари-Клэр ва Рожер Каммер тадқиқот натижаларини 2015 йилда чоп этган эди. Тажрибалар малла чумолиларда ўтказилди.

Ўнтача ҳашарот ичида ойна бўлган лотокка солиб қўйилди. Унинг қаршисида турган чумолилар бошларини ва муртларини қимирлатиб, ўз аксига тегишга уринар эди.

Чумолиларнинг иккинчи гуруҳи эса шаффоф девор билан бўлинган идишга солинди. Бу ҳолда чумолилар шиша тўсиқ ҳамда унинг ортидаги бошқа чумолиларга ҳеч қандай эътибор қаратмади.

Тажрибаларнинг иккинчи қисмида олимлар ҳашаротлар бошининг олди қисми — клепиусга буёқ суртди. Бошида кўкиш доғни кўрган ҳашаротлар уни ўчиришга уринди. Буёқ ранги хитин қобиқ сингари малла рангда бўлса ёки бошнинг орқа қисмида жойлашса, ҳашаротлар уни ўчиришга уринмади.

Шунингдек, кўк бўёқ суртилган ҳашаротларга уларнинг қавмдошлари ҳужум қилиши кузатилди. Бундан олимлар чумолилар қавдошларини фақат хеморецепция ёрдамида эмас, балки юзидан ҳам таниши ҳақида хулоса қилди.