Франция президенти Франсуа Олланд «Президент ... демаслиги керак» номли китобида футболчиларнинг билим даражаси паст эканини айтди, деб хабар бермоқда Yahoo Sport.
«Улар дастлабки тайёргарликсиз ёмон тарбия кўрган болалардан бадавлат юлдузгача бўлган йўлни босиб ўтади. Улар бу қанчалик тўғри-нотўғрилигини тушуниш учун руҳий жиҳатдан тайёр эмас», – деб ҳисоблайди Олланд.
Шунингдек, Олланд Франция футбол федерацияси футболчилар билан ўқув хоналарида дарс ўтиши кераклигини айтди. «Бу уларга мия учун машғулот зали бўлади», – деб ёзди сиёсатчи.
Франция президентининг сўзларига жавобан мамлакат термасининг собиқ аъзоси, Европа ва жаҳон чемпиони Эммануэль Пети сиёсатчилар адолат ва шаффофлик устида иш олиб бориши кераклигини таъкидлади.
«Мана шу инсонлар шоҳсупадан францияликлар даражасига тушса яхши бўларди. Ҳамма футболчилар ҳам идеал эмас, аммо даромад топамиз. Сиёсатчилардан фарқли равишда биз халқ ҳисобидан кун кўрмаймиз. Биз одамлар пулини ўғирламаймиз», – деди Пети.