Ҳаммуалифлар Х. Н. Зайнидинов, Ж. Ф. Карабаев ва О. Т. Мамирова ўзини ўзи бошқариш органларининг «Электрон маҳалла» ахборот тизими дастурини ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги.
Ушбу тизим ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини қоғозсиз иш юритиш технологияси бўйича автоматлаштиради ҳамда органлар фаолиятида ижтимоий-иқтисодий вазифалар бошқарувини автоматлаштириб, маҳалла фуқароларининг ижтимоий ҳаётида ахборот технологияларидан фойдаланишни таъминлайди.
Давлат органлари қарор ва вазифаларини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини автоматлаштириш билан маҳаллаларда ахборот-телекоммуникацион инфраструктурасини ривожлантиради.
«Электрон маҳалла» ахборот тизими ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти жараёнида келиб чиқадиган қуйидаги масалаларни автоматлаштиради: маҳаллий ахборот ресурсларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш; ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролар, юридик шахслар, ижтимоий ва сиёсий ташкилотлар ва ҳ.к. билан телекоммуникацион тармоқлар ёрдамида ўзаро ҳамкорлик қилиши; давлат ҳокимияти органлари билан ахборот алмашиш.
Тизим веб-технология асосида ишлайди. Тизимни интернет тармоғида ёки алоҳида компьютерда автоном ҳолда ишлатиш мумкин. Муаллифлар жамоасига ушбу дастур учун № DGU 03105 рақамли гувоҳнома берилди.
Изоҳ (0)