Жиззахдаги Зомин миллий табиат боғи ҳудудида 8 август куни ёнғин содир бўлганди. Вилоят ФВБ ёнғин бартараф этилганини маълум қилди.
Ҳодиса ҳақида вилоят ФВБга соат 16:37 да келиб тушган. Хабар асосида зудлик билан ФВВ ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига етиб борган ва соат тахминан 18:20 ларда ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғинни ўчиришда ФВВнинг 55 нафар ёнғин-қутқарувчилари иштирок этган. Ёнғин натижасида 10 сотих майдон ёниб зарарланган. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси маълумотларида ёнғин 40 дақиқа давом этгани ва 15 сотих ер майдонни қамраб олгани қайд этилган.
Мазкур ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 1 август куни Жиззах вилоятининг Зомин тумани «Дуоба» қишлоқ фуқаролар йиғини Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида йирик ёнғин юз берганди. Соат тахминан 10:40 да бошланган ёнғин салкам саккиз соатдан сўнг ўчирилган. ФВВ маълумотларига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган. Оловни ўчиришга 1600 га яқин одам жалб этилган.
2 август куни ушбу ҳудудда яна ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси буни рад этиб, ҳудудда ёнғиндан кейинги тозалаш ишлари амалга оширилаётгани, вазият тўлиқ назорат остида эканлигини маълум қилди.
Мавзуга доир: Видео: Зоминдаги ўрмон ёнғинларини ўчириш жараёнлари