ФВВ матбуот хизматининг хабар беришича, Зомин миллий табиат боғи ҳудудида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Жиззах вилояти ФВБга 8 август куни соат 16:37 да хабар келиб тушган. Хабар асосида зудлик билан ФВВ ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига етиб борган ва ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Вазият тўлиқ назорат остидалиги, тез орада қўшимча маълумотлар тақдим этилиши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятининг Зомин тумани «Дуоба» қишлоқ фуқаролар йиғини Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида 1 август куни йирик ёнғин юз берганди. Соат тахминан 10:40 да бошланган ёнғин салкам саккиз соатдан сўнг ўчирилган. ФВВ маълумотларига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган. Оловни ўчиришга 1600 га яқин одам жалб этилган.
2 август куни ушбу ҳудудда яна ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси буни рад этиб, ҳудудда ёнғиндан кейинги тозалаш ишлари амалга оширилаётгани, вазият тўлиқ назорат остида эканлигини маълум қилди.