«Уйим ҳали ҳам ўша ерда, сиз уни йўлдан туриб ҳам кўришингиз мумкин», – дейди Лука Модрич iPad экранига тикилган ҳолда, уни шу ҳолатга келишига сабабчи бўлган узоқ хотираларини ёдга олар экан. Луканинг айтишича, унинг болалиги ҳам ёқимли, ҳам қайғули хотираларига тўла. Мисол учун у ўз мухлислари ташриф буюрадиган, аммо ҳамон болаларини олиб бормаган жой ҳақида ёдга олди. Унинг катта ўғли Ивано ўн ёшда, Эма етти, София эса деярли уч ёшга тўлган.
Модрич буни қуйидагича изоҳлайди: «Улар ҳали кичкина. Ҳозир бу ҳикоялар ҳақида гапиришни истамайман. Балки бир неча йилдан кейин айтиб берарман».
Дарҳақиқат бу ҳақида гапириш осон эмас:
«Болалар қишлоққа борган ва мен илгари қаерда яшаганимни кўрган, лекин улар билан айнан нималар бўлганлиги ҳақида гаплашмаганман. Келажакда уларга нимадир айтиб беришим мумкин, аммо ҳозир эмас. Аммо уларни, албатта, у ерга олиб бораман».
Лука болаларни ўз ватанига олиб борганида, улар Затон Обровачки қишлоғидаги йўл юзида жойлашган ёлғиз тошдан қурилган бинони кўради. Айнан ўша ерда Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Лука Модрич яшаган.
«Қишлоғимга қайтганимда уйимни кўришим мумкин, бундан ташқари кўпчилик менга унинг олдида тушган фотосуратларини юборади. Аммо у ёниб кетган ва жуда ёмон аҳволда».
Уйнинг том қисми деярли йўқ, шунингдек, эшик ва деразалар ҳам йўқ бўлиб кетган. Бўм-бўш ва аллақачон чакалакзорга айланган. Уйнинг орқа томонида эса бош суяги туширилган ва «не прилазите» («яқинлашманг») деб ёзиб қўйилган тахтача осиб қўйилган. Гарчи барчаси ташлаб кетилган бўлса-да, атроф ҳанузгача миналаштирилган ҳудуд саналади. Уй эса Модричнинг бувиси Желе ва бобоси Лукага тегишли бўлиб, айнан унинг шарафига Мадрид клуби ярим ҳимоячисига Лука исми қўйилган. Катта Лука қўй, эчки ва товуқ боқиш билан шуғулланар ва ўз ишини севарди.
Айнан ўша ерда (Велебит тоғларида) мамлакатнинг энг муваффақиятли футболчиси ва терма жамоанинг бўлажак сардори деярли ҳар кунини ўтказарди. Бу то бир куни эрталаб Модрич «четниклар» (Сербия қўшинлари) деб атаганлар томонидан бобосининг ўлдирилишига қадар давом этди. У ўзининг уйидан атиги бир неча юз қадам масофада автомат билан отиб ташланади. Катта Лука 66, невараси 6 ёшда эди. Бугун эса ўша 6 ёшли болакай аллақачон 35 ёшни қоралаб қўйган.
«Эсимда, у тобутда ётганида отам мендан уни ўпиб қўйишни сўраганди. У билан содир бўлган воқеа менинг хотирам ва оилавий тарихимизнинг бир қисми. Ҳали ҳам у билан кўп вақт ўтказганим ҳақида хотиралар мавжуд. Мен уникида ётиб қолардим, у билан ўйнардим, овга чиқардик. Ота-онам ишлаётган пайтда бобом билан кўп вақт ўтказганман ва бу ҳақида кўплаб ажойиб хотираларга эгаман».
«Ўша ёшда сиз нима сабабдан буларнинг барчаси содир бўлаётганини англай олмайсиз, тушуняпсизми? Сиз атрофингизда нима бўлаётганини тўлиқ тушунмайсиз, чунки отангиз ҳам сизни ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилади ва бу нарсалар ҳақида ўйлашингизга имкон бермайди. Улар нимадир яқинлашаётганини билган. Ва сиз ота-онангиз хавотирга тушганини кўрганингизда бирон бир нарса юз бераётганини тушунасиз. Бироқ болалигингизда сиз буни тўлиқ ҳис эта олмайсиз, бу ҳақида бир лаҳзагина ўйлайсиз, холос. Лекин бола кўнглингиз ўйнашни ва дўстлар билан бўлишни хоҳлайди. Кейин эса ўша воқеа содир бўлди...»
«Фожиали лаҳзалар, – дейди Лука бироз муддат тўхтаб турганидан сўнг. Аммо уруш ҳеч қачон ҳеч кимга яхшилик келтирмаган».
Бу Хорватия мустақиллик уруши бошланганидан олти ой ўтгач ва серблар раҳбарлигидаги Югославия қўшинлари Модричлар оиласи яшаган ҳудудларни эгаллаб олган 1991 йилнинг декабрь ойи эди. Агар Модричнинг бобоси урушнинг қанчалик хавфли эканлигини тўлиқ англамаган бўлса, энди оила барчасини тушунди ва қочишга мажбур бўлди: аввал Макарскадаги қочоқлар лагерига, кейинчалик, 1992 йил апрелида Далмац соҳилидаги Задарга. У ерда эса улар уруш туфайли уйларидан айрилганлар учун ташкил этилган вақтинчалик марказ – «Коловаре» меҳмонхонасига жойлаштирилади.
Модричнинг отаси урушга кетади: Луканинг эслашича, у қасос олиш ёки қандайдир нафрат ҳисси ҳақида ўйламаган. Лука эса энтикиб, ўзининг бошдан кечирганлари: бошқа қочоқ дўстлари билан меҳмонхонада автотураргоҳида футбол ўйнаган кунлари, гарчи урушдан қочиб бўлмаса ҳам ундан яширинишга ҳаракат қилгани ҳақида гапиради.
У шиддатли отишмалар, граната ҳамда ракеталарнинг машъум овозини ёдга олар экан, даҳшатли ҳуштак, сўнгра портлашларни ва кўп марта қўлида тўп билан бехавотир (гарчи уруш вақтида ундай жойнинг ўзи бўлмаса-да) жойга югургани ҳақида гапиради. Бироқ энг ҳайратланарлиси, у буларнинг барчасини, жумладан, бобосининг ўлдирилишини ҳам «ҳаётнинг бир қисми» деб таърифлайди.
Бу унинг ҳаётининг бир қисми эди, уруш тугашидан уч йил олдин: бу қисм унинг феъл-атворини шакллантирганди, олдин у бу ҳақида жамоатчилик муҳокамасидан қочарди. Бироқ ҳозир Лука ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади: «Бобомни ҳар сафар ўйлаганимда, юрагим пора-пора бўлиб кетади. У ўз уйи остонасида отиб ташланганди». Шунингдек, у 10 ёшида ўқитувчиси унинг қалбида из қолдирган нарса ҳақида ҳикоя ёзишни илтимос қилганини эслайди. Бу бомба қулаши ва бобосининг ўлими ҳақидаги ҳикоя эди. У ерда ёш Лука қуйидаги сўзларни қайд этган:
«Мен кичкина бўлишимга қарамай, ҳаётимда кўплаб қўрқувларни бошдан кечирдим. Отишмалардаги қўрқув, бу аста-секин хотирамдан ўчириб ташлайдиган нарса. Четниклар бобомни ўлдирди, мен уни жуда яхши кўрардим. Ҳамма йиғлади... Мен эса буни қилган ва бизни уйдан қочишга мажбур қилганларни одам деб аташ мумкинми деб сўрадим».
«Мен бу воқеани эслаганимда, кўзларимга ёш келди», – дейди у ҳозир. «Бу жуда олдин, Жаҳон Чемпионатидан сўнг кўплаб ҳикоялар айтилаётганда рўй берди. Мен буни деярли унутгандим. Бу воқеа юзага чиққанига ишонолмасдим. Ўқитувчи уни сақлаб қўйган экан: агар у бундай қилмаганида эди, буни ҳеч ким эшитмаган бўларди, шунинг учун мен ундан миннатдорман. Эслаш ёқимли – бу менинг ўша пайтдаги ҳис-туйғуларим».
Ҳозир-чи?
«Уруш ҳеч қачон ҳеч кимга яхшилик келтирмаган, мен буни ўша пайтда ёзганман. Шундан кейин мен ҳеч кимга гина сақламаганман. Барчаси шу, нима бўлган бўлса ҳам энди бу тарих. Бўлгани шу. Фақатгина унинг (бобосининг) биз билан эмаслиги ачинарли. Урушда ёқимсиз нарсалар содир бўлади. Менда ҳеч кимга нафрат йўқ, бу мен бошдан кечиришим керак бўлган ҳаётнинг бир қисмидир».
У нафасини ростлаб, чуқур хўрсиниб шундай дейди:
«Бу сизни яна-да кучлироқ қилиши ёки сизни синдириши мумкин – мен бошқа йўлни танлайман: маҳкамроқ бўлишни, характеримни жиловлашни афзал кўраман. Ҳа, ҳақиқатан ҳам атрофда ваҳима ва қўрқув бор эди, лекин сиз бунга бардош беришингиз керак. Воқеалар мени яна-да кучайтирди – айтиш мумкинки, қўполлаштирди. Сиз мен бошдан кечирган нарсаларни ўтказганингизда футбол, мағлубият ёки танқидлар, шунингдек, кейинчалик ҳаётингизда юз берадиган баъзи нарсаларни қабул қилишингиз анча осонроқ бўларди».
Бу унинг шаклланишининг бир қисми эди. Хорватия эса ўз муаммоларига эга можароли ва кўплаб мунозараларга сабаб бўладиган давлат бўлиб келган. Кайфият мамлакат ҳаётига ҳам чуқур кириб боради ва кўп қийинчиликларга олиб келади. Афсуски, спорт ҳам сиёсат ва тарихдан асло холи эмас, баъзан ҳатто ундан-да муҳим аҳамият касб этади. Табиийки, бу шароитда спортчиларга осон тутиб бўлмайди.
Модрич эса бу борада бошқачароқ фикрда:
«Умуман олганда йўқ. Улар ҳам оддий одам. Мана гап нимадан бошланади. Туйғулар ҳар қандай ҳикоянинг моҳиятидир».
Баъзилар учун Югославия можароси 1991 йилда Загребнинг «Динамо»си ва «Црвена Звезда» жамоалари ўртасидаги ўйиндан сўнг бошланган. Чемпионликка даъво қилиши мумкин бўлган Югославия термаси эса парчаланиб, Евро–92 ни тарк этди. Модрич эса баскетбол ишқибози бўлган Once Brothers ҳужжатли фильмида уруш мамлакатнинг энг яхши ўйинчиси ўртасидаги муносабатларни қандай бузганини кўриб йиғлаганини айтади:
«Бу жуда таъсирли фильм. Буларнинг барчаси содир бўлганлиги ачинарли, аммо биз уни ўзгартира олмаймиз».
Унинг миллионлар ўйинидаги кумири Звонимир Бобан бўлган, 1998 йилда Хорватия ўзининг биринчи Жаҳон Чемпионатида нимчорак финалга чиққанлигини эса Модрич алоҳида фахр билан эслайди. Йигирма йил ўтгач, Модрич жамоасига сардор сифатида яна-да олдинроқ боришга ёрдам берди. Айнан шундан сўнг у «Олтин тўп»ни қўлга киритиб, 2018 йилда дунёнинг энг яхши футболчисига айланганди. Мукофот жамоавий ютуқ сифатида эътироф этилди, Модричнинг айтишича, Россиядаги мағлубият алами тез орада эйфорияга айланган, чунки улар нимага эришганини ва бу нимани англатишини тушуниб ета олган.
«Хорватия учун ўйнаш туйғуси, бизга қанчалик фахр бахш этишини ва бунинг қай даражада масъулиятли эканини таърифлаб бўлмайди. Бундан ташқари, биз ҳали ёш мамлакатмиз. Елкамизда нима борлигини ҳис қиламиз, ўз халқимизга панд бериб қўйишни хоҳламаймиз. Шунинг учун бизда шундай кучли руҳ бор: содир бўлган барча нарсалар бизни яна-да кучлироқ қилди ва бирлаштирди. Бу жуда-жуда катта масъулият. Одамлар бизнинг Жаҳон чемпионати финалига чиққанимиздан фахрланди – биз қанчалик яхши жамоа бўлишимиздан қатъи назар, финалга чиқишимизни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Очиғини айтганда, финалга чиқиш учун сиз ҳақиқатан ҳам ўзгача бўлишингиз керак. Буни тасодифан амалга ошира олмайсиз».
Бир оз фурсат тўхтаб, у яна «Коловаре» меҳмонхонасидаги болакайга қайтди. Шунингдек, у бир кун фарзандлари билан ташриф буюрадиган хароба уйини эслади. Лука ўз муваффақиятларини ўша қочоқ дўстлари, оиласи билан баҳам кўришини айтди. Суҳбатни эса бобоси билан бошлаганидек у билан якунлашни лозим топди.
«Ҳар бир ютуғимдан сўнг ўша хотиралар миямда пайдо бўлаверади. Мен у ҳақида ўйлайман, бу менинг бир қисмим, доимо уни эслайман. Имкон топилди дегунча унинг қабрига бораман. Мен у билан ҳақиқатан ҳам ўзгача муносабатларга эга эдим. Мен унинг биринчи набираси бўлганман. Урушда сиз ўзингиз учун қадрли одамларни йўқотасиз, мен учун шундай инсон бобом эди».
«У эришган ютуқларимни кўрмагани ачинарли. Муҳим бир воқеа юз берганида доим уни эслайман: мен унинг шу ерда бўлишини, футболда ва шахсий ҳаётимда нималарга эришганимни, уч нафар ажойиб фарзандим ва гўзал рафиқамни кўришини истардим. Унинг набиралари билан бирга бўлишини хоҳлардим. Унинг биз билан эмаслиги ачинарли. Аммо бунга кўникишингиз керак. Мен ҳеч кимдан нафратланмайман, олдинга ҳаракатланишда давом этишимиз лозим».
Бошқа мақолалар:
- «Женоа» ҳужумчилар «кушанда»сими? Элдор Шомуродовни Италияда нималар кутмоқда?
- Италянча ош. Элдор Шомуродов ва «Женоа» ҳақида
- Узоқ кутилган қирол — Роберт Левандовски ҳақида
- Петр Чехни ҳайратда қолдирган ва 6 йил аввал ишсиз юрган «Челси»нинг янги дарвозабони Эдуард Менди ҳақида
- Азарнинг жароҳатлари, Каземирога ўринбосар йўқлиги ва икки йилдан бери таниб бўлмаётган Иско. Зидан жорий мавсумда ҳал қилиши керак бўлган бешта муаммо
- Пеле, Марадона, Зидан ва «ўзга сайёраликлар». Футбол тарихидаги энг яхши ўйинчилар ҳақида