Тошкент вақти билан 10 октябрь, шанба тонгида Лас-Вегас шаҳрида (АҚШ, Невада) профессионал бокс мусобақаси ташкил этилди.
Унда профессионал бокснинг ўрта вазн (-72,6 кг) тоифасида ҳаракат қилаётган қозоғистонлик Жанибек Алимханули (9-0, 5 КО) аргентиналик Гонсало Корияга (16-4, 6 КО) қарши рингга чиқди.
2-раундда Алимханулининг кетма-кет зарбаларидан сўнг даставвал Кория нокдаун ҳолатига тушди. Шундан сўнг ҳужумни давом эттирган Жанибек рақибини чуқур нокаут ҳолатига туширди. Шу тариқа жанг иккинчи раунддаёқ ниҳоясига етди. Бу қозоғистонлик боксчининг профессионал боксдаги 9-ғалабаси бўлди. Жанибек ушбу ғалабалардан 6 тасини нокаут эвазига қўлга киритган. Нокаут видеосини бу ерда томоша қилиш мумкин: видео.
Маълумот учун, Жанибек Алимханули ҳаваскор боксда Жаҳон ва Осиё чемпиони ҳисобланади. 2015 йил Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев чорак финалда Жанибек Алимханулини мусобақадан чиқариб юборганди. Таъкидлаш жоиз, Бектемир айни дамда профессионал боксда супер ўрта вазн тоифасида (-76,2 кг) ҳаракат қилмоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!