Daryo

Венгрия 10 нафар россиялик дипломатни ҳайдаб юборди

Улар Вена конвенциясига зид равишда фаолият юритгани маълум қилинди. Бу собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг Россияни қўллаб-қувватловчи сиёсати тугаганини кўрсатмоқда.

2 дақиқа ўқиш4 919 кўришлар0 изоҳ0

Венгрия 8 сентябрь куни 10 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан ҳайдаганини маълум қилди. Расмийлар уларнинг хатти-ҳаракатлари дипломатик мақомига тўғри келмаслигини билдирди. Бу собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг Россияни қўллаб-қувватловчи сиёсати тугаганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Интерфакс агентлигига кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу жавобсиз қолмаслигини ва жавоб Венгрия учун оғриқли бўлишини билдирган.

Виктор Орбан 16 йиллик бошқарувдан сўнг апрель ойида ҳокимиятдан кетган. У 2022 йил февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганидан кейин ҳам Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқаларни сақлаб қолганди.

Орбаннинг раҳбарлиги даврида Венгрия Россиядан нефть ва газ сотиб олишда давом этди. Шунингдек, Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини кечиктирди ҳамда Украинага ажратиладиган 90 миллиард евролик (97 миллиард доллар) кредитни тўхтатиб турди.

Уруш бошланганидан кейин кўплаб Европа давлатлари ўнлаб россиялик дипломатларни чиқариб юборди. Венгрия эса бирортасини ҳам ҳайдамаганди. Мамлакат 2018-йилдан бери бирор кишини очиқчасига ортига қайтармаган эди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Анита Орбан (у собиқ бош вазирга қариндош эмас) баёнот берди. Унга кўра, чиқариб юборилаётган дипломатлар Вена конвенциясига зид фаолият олиб борган.

“Бу қарор Россия билан дипломатик муносабатларни узишни англатмайди. Венгрия зарур мулоқотни давом эттирмоқчи”, дейилади вазирлик баёнотида.

Янги бош вазир Петер Мадяр ва унинг ўнг-марказчи ҳукумати доимий равишда мамлакатнинг асосий иттифоқчилари Европа Иттифоқи ҳамда НАТО эканини таъкидламоқда. Янги ҳукумат Виктор Орбан даврида йўқолган ишончли муносабатларни қайта тикламоқчи.

Май ойидаги парламент эшитувида Анита Орбан Россия ҳамкор бўлиб қолишини айтган эди. Бироқ унга кўра, муносабатлар бир томонлама қарамликка асосланмаслиги керак. Шунингдек, у Россия сиёсати Венгрия ва Европа хавфсизлигига хавф туғдиришини қўшимча қилган.

Август ойида Венгрия қонун чиқарувчилари Олий суднинг собиқ раҳбари Андрас Бакани мамлакатнинг янги давлат раҳбари этиб тасдиқлагани ҳақида хабар берилганди. У собиқ бош вазир Виктор Орбан даврида лавозимидан бўшатилган ва унинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади. Бу орқали ҳукумат Орбаннинг давлат идораларидаги таъсирини камайтириш кўзлаган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар