Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг яқинлари БАА паспортларини олган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси (ФБК) суриштирувига таяниб, “Meduza” хабар берди.
Гап Лавров билан яқин муносабатда бўлган Светлана Полякова ҳамда унинг қизи ҳақида бормоқда. Полякова 2022 йил 28 декабрда “давлат олдидаги хизматлари учун” БАА фуқаролигини олган. Унинг қизи Полина Ковалёва эса бундан бир оз аввалроқ ишга жойлашиши муносабати билан БАА паспортига эга бўлган.
Полякованинг Лавров билан яқин муносабатлари борлиги 2021 йилда ошкор бўлганди. “Важние истории” маълумотларига кўра, у Россия Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган ва вазирга хорижий сафарларида ҳамроҳлик қилган. Бир неча кишининг телефонида у расман бу фамилияни олмаган бўлса-да, Светлана Лаврова сифатида сақланган.
Журналистлар Полякова умумий қиймати 700 миллион рубльдан ортиқ кўчмас мулкка эгалик қилишини ҳам аниқлаган. ФБК суриштирувида, шунингдек, Полякова ва унинг оиласи россиялик миллиардер Олег Дерипасканинг хусусий самолётлари ҳамда хориждаги кўчмас мулкларидан фойдаланиб келгани таъкидланади.
Полина Ковалёва уруш бошлангунига қадар Буюк Британияда яшаган. У Лондондаги Империал коллежининг бизнес мактабида таҳсил олган ва Британиянинг бир нечта компанияларига эгалик қилган. 2016 йилда, 21 ёшида Ковалёва нуфузли Кенсингтон районидаги хонадонни 4,4 миллион фунт стерлингга сотиб олган. Уруш бошланиши ва санкциялар жорий этилиши ортидан у Англиядан кетган ва Доҳадаги Қатар Investment компаниясига ишга жойлашган.
БАА фуқаролигини олиш ўта мураккаб жараён. Хорижликлар учун одатий фуқароликка қабул қилиш тартиби мамлакатда 30 йил узлуксиз истиқомат қилишни, араб тилини билишни ва ижобий репутацияни талаб этади. 2021 йилдан эътиборан инвесторлар, олимлар, шифокорлар, ихтирочилар ва санъат арбоблари учун “алоҳида хизматлари учун” фуқаролик олиш имконияти берилган. Бироқ номзод аризани мустақил топшира олмайди, уни федерал ҳокимият идоралари ёки амирликлар ҳукмдорларининг девонлари тавсия этиши шарт.
Маълумот учун, АҚШ май ойида Лавровнинг ўринбосари Александр Алимовга БМТ Хавфсизлик кенгашининг очиқ мунозараларида иштирок этиш учун виза бермаганди. Ўшанда Москва АҚШнинг ушбу қарорини БМТнинг марказий муассасалари тўғрисидаги битим мажбуриятларини бузиш деб баҳолаганди.








