Европа Чемпионлар Лигасининг келаётган ҳафтада бўлиб ўтадиган ўйинлари олдидан Непалаги сув тошқини қурбонлари хотираси учун бир дақиқалик сукут эълон қилинади. Бу ҳақда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) матбуот хизмати маълум қилди.
Шунингдек, ҳар бир ўйин олдидан майдонга “Сен ёлғиз эмассан, Непал” ёзуви туширилган махсус баннер олиб чиқилади.
“Бутун Европа футбол оиласи ушбу ҳафтадаги ўйинлар олдидан Непал халқига ўзининг чуқур ҳамдардлиги ва қўллаб-қувватлашини билдириш учун бирлашади. Биз уларга ушбу фожиа ҳамда унинг оқибатларини енгиб ўтишда куч ва ирода тилаймиз”, деди УЕФА президенти Александер Чеферин.
Маълумот ўрнида, 26 август куни Непал шимолида кучли сув тошқини юз берди. Бунга қор кўчкиси сабаб бўлган. Катта тезликда ёпирилиб борган кучли оқим ўз йўлидаги аҳоли пунктларини вайрон қилган ва улкан ҳудудларни сув остида қолдирган. Ҳозирги вақтга келиб, қурбонлар сони 1,3 минг кишидан ошгани хабар қилинмоқда.
Даҳшатли табиий офат оқибатида 32 минг оила бошпанасиз қолди, 7 500 га яқин уй вайрон бўлди ҳамда мамлакатнинг марказий қисмидаги муҳим инфратузилма фаолиятига жиддий зарар етди. Қарийб 5 минг киши, шу жумладан, 589 нафар чет эл фуқароси бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, УЕФА Чемпионлар Лигасининг 1-тур учрашувлар 8—10 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.








