Тўй шунчаки байрам эмас. У янги ҳаётнинг бошланиши, умид ва иттифоқ рамзидир. Бироқ энг ҳашаматли безаклар, энг қимматбаҳо либос ва томошалар ҳам чин муҳаббатнинг ўрнини боса олмайди. Мазкур тўйлар учун жуда катта маблағ сарфланган бўлса-да, улар охир-оқибат ажралишлар, жанжаллар ва кўнгилсизликлар билан тугаган.
Бред Питт ва Женифер Энистон: ҳашаматли тўйдан сўнг сўнган муҳаббат
2000 йилда Бред Питт ва Женифер Энистоннинг тўйи шоу-бизнес оламида энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бирига айланди. Тадбир ёпиқ бўлишига қарамай, папараццилар ва журналистлар Malibu қирғоқларини қуршаб олишди. Дронлар ёрдамида фақат гулларга бурканган оппоқ чодирларни суратга олишолди — қолган барчаси кадр ортида қолди.
Ичкарида бўлаётган воқеаларни иштирокчилар ва таклиф этилганлар тасвирлаб берди. Женифер қўлда маржон билан безатилган Lawrence Steele’нинг ҳашаматли либосида ва ўша даврнинг энг машҳур дизайнерларидан бири Manolo Blahnik пойабзалида чиқади. Бред никоҳ узукларидан тортиб гул композицияларини яратишгача бўлган тайёргарликда шахсан иштирок этди. Унинг ғоясига кўра, маросим майдончаси атрофида шинам француз боғларини эслатувчи ҳақиқий гулзорлар барпо этилди.
Меҳмонларга олий нав шампан виноси тортилди, 13 дақиқалик мушакбозлик уюштирилди ва евангелист хори таклиф этилди. Аммо энг эсда қоларли нарса зиёфат бўлди: кейинчалик актёр Майкл Рапапорт эслашича, тўйда икрадан ясалган бутун бошли девор бўлиб, у қутиларда меҳмонларга тарқатилган экан.
Ҳаммаси эртакдек эди. Бироқ 2005 йил январида эр-хотин ажрашганликларини эълон қилди. Расмий баёнотда улар: “Қарор онгли равишда, миш-мишлар таъсирисиз қабул қилинди. Биз дўст бўлиб қоламиз”, деб таъкидлашди. Аммо тез орада ҳақиқий сабаб Питтнинг “Жаноб Смит ва Смит хоним” фильмида рол ижро этган Анжелина Жоли билан бўлган ишқий муносабати эканлиги маълум бўлди.
Ким Кардашьян ва Крис Ҳамфрис: 10 миллион доллар эвазига 72 кунлик никоҳ
Энг қисқа никоҳ ва энг кўп сарфланган маблағ учун мукофот бўлганда, Ким Кардашьян ва Крис Ҳамфрис шубҳасиз ғолиб бўларди. 2011 йилда машҳур модел ўзидан 4 ёш кичик ва 47 сантиметр баланд бўлган баскетболчи Крис Ҳамфрисни танлади.
Тўй Санта-Барбарада қироллар оиласига муносиб даражада тантанали ўтказилди. Ким бир кунда учта либос алмаштирди: Вера Вангнинг кўйлакларидан тортиб ўзининг дизайнерлик ишларигача. Тантана бир неча кун давом этди, меҳмонларга тансиқ таомлар тортиқ қилинди ва асал ойи Италияда бошланди. Ташқи кўринишдан бу мукаммал сценарий эди.
Бироқ никоҳ маросимидан атиги 72 кун ўтгач, Ким ажрашишга ариза топширди. Дарҳол бу тўй эмас, балки “Кардашьянлар оиласи” реалити-шоусининг бир қисми экани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Бу гап-сўзлар асоссиз эмасди: маросим жонли эфирда намойиш этилди ва эксклюзив фотосуратлар ҳуқуқи People журнали томонидан катта маблағ эвазига сотиб олинди.
Крис Ҳамфрис сохта никоҳ ғоясини қатъиян рад этди: “Бизнинг ҳис-туйғуларимиз ҳақиқий эди. Мен Кимни севардим ва оиламизга ишонардим”. Бироқ уларнинг биргаликдаги ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари фарқ қиларди: Ким карьерасини давом эттиришни, суратга тушишни ва эътибор марказида яшашни хоҳларди, Крис эса Миннесотада осойишта ҳаёт кечиришни орзу қиларди. Муроса йўлини топишнинг иложи бўлмади.
Кардашьян учун ажралиш шунчаки ҳаётидаги бир воқеа бўлиб қолди. У тез орада Канье Вест билан муносабат ўрнатди, Ҳамфрис эса қийинчиликларга дуч келди: уни баскетболчи сифатида эмас, балки “Кимнинг эри” сифатида қабул қилишди ва бу унинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди.
Хуан Сяомин ва Анжела Бейби: “Олтин тўй”нинг хитойча талқини
2015 йилда хитойлик актриса ва модел, халқ орасида “хитойлик Ким Кардашьян” деб танилган Анжела Бейби тарихдаги энг қимматбаҳо тўйлардан бирини уюштирди. Унинг умр йўлдоши машҳур актёр Хуан Сяомин эди. Тадбир харажатлари 43 миллион долларни ташкил этиб, бу Ким Кардашьяннинг тўйидан деярли беш баробар кўп эди.
Маросим собиқ Хитой—Россия дўстлиги саройида ўтказилди. Улкан тантанага 2000 нафар меҳмон таклиф этилганди. Келиннинг Dior брендидан бўлган либоси деярли ярим йил давомида нозик органзадан тикилган ва қўл меҳнати билан безатилган. Фахрий меҳмон ва куёвнинг дўсти сифатида машҳур пианист Ли Юнди махсус асар ижро этди.
Ҳар бир майда-чуйда пухта режалаштирилган эди: чироқбонлик, гулли аркалар, тансиқ таомлар. Тадбир оддий тўй эмас, балки маданий ҳодисага айланди. Бутун Осиёдан келган мухлислар ҳар бир лавҳани кузатиб, либосларни муҳокама қилиб, никоҳ қасамёдларидан иқтибос келтирарди.
Бироқ оилавий бахт атиги 7 йил давом этди. 2022 йилда эр-хотин ажралишларини эълон қилди. Сабаблари ошкор этилмади, аммо ижтимоий тармоқлардаги қўшма баёнотда улар шундай ёзишди: “Бўлиб ўтган барча нарса учун раҳмат”. Бу ибора қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди: бу уларнинг дўстона муносабатларини сақлаб қолишини англатадими ёки шунчаки узил-кесил ажралишни юмшатишга уринишми?
Шаҳзода Чарльз ва малика Диана: фожиага айланган қироллик тўйи
1981 йилда шаҳзода Чарльз ва Диананинг тўйи ХХ асрнинг энг улуғвор воқеаларидан бирига айланди. Шу куни Буюк Британияда дам олиш куни эълон қилинди — миллионлаб одамлар маросимни телевизор орқали кузатишди. Қиролича Елизавета II ғурурдан порлаб турарди, аммо ёш келин-куёвнинг ўзлари унчалик бахтли кўринмасди.
Диана 7,9 метрли шлейфи бўлган ҳашаматли кўйлак кияди — бу рекорд узунлик эди. Унинг яратувчилари, дизайнерлар Девид ва Элизабет Эмануэл ҳар бир сантиметрни пухта ўйлаб, шлейф кириш жойидан меҳробгача бўлган йўлга мукаммал жойлашишини таъминлади. Келин гулдастаси деярли 2 килограмм оғирликда бўлиб, орхидея, гардения, мирта, печак ва марваридгуллардан ташкил топган бўлиб — ҳар бир гул ўзига хос рамзий маънога эга эди.
Авлиё Павел соборидаги маросимга 3,5 минг меҳмон ташриф буюрди. Улар учун 27 та тўй торти тайёрланди, кечқурун эса бутун мамлакат бўйлаб мушакбозлик ўтказилди. Ҳаммаси худди эртакдагидек — аммо бу фақат ташқи кўриниш эди.
Аслида Чарльз ҳеч қачон Камилла Паркер-Боулзни севишдан тўхтамаган эди. Уларнинг муносабатлари Диана билан турмуш қурганидан кейин ҳам давом этди. Бу кейинчалик маълум бўлди, лекин ўша пайтлардаёқ белгилари бор эди: совуққонлик, яқинлик йўқлиги, оммавий келишмовчиликлар. 1996 йилда эр-хотин расман ажрашди. Бир йил ўтгач, Диана автоҳалокатда фожиали тарзда вафот этди.
Уларнинг тўйи ташқи улуғворлик ва ички келишмовчилик рамзи сифатида тарихда қолди. Бир кунга сарфланган миллионлар уларнинг ўртасида муҳаббат йўқлигини яшира олмади.








