Голливуд – ёшлар, гўзаллик ва доимий янгиланиш қадрланадиган саноат. Аммо бу ёрқин саҳна ортида кўпинча ёш билан боғлиқ муаммолар ҳам яшириниб ётади. “Жуда қарилиги” баҳонаси билан роллардан четлатилган актёр ва актрисалар ҳақидаги ҳикоялар эса кино оламида ёш дискриминацияси мавжудлигини кўрсатади.
Айниқса, йиллар давомида машҳурликка эришган юлдузлар ҳам маълум бир ёшдан сўнг бош роллардан иккинчи даражали образларга ёки умуман экранлардан четга сурилиб қолган. Ушбу мақолада Голливудда айнан ёш сабабли ролларни йўқотган ёки шундай танқид ва босимларга дуч келган машҳур юлдузлар ҳақида сўз юритамиз.
Риз Уизерспун
Мухлислар Ризни унинг 26 ёшли қизи Ава билан солиштиришади: аксарият суратларда улар опа-сингилдек кўринади. Аммо бу фикрга 70-80-йилларда машҳурлик чўққисида бўлган Fleetwood Маc гуруҳининг америкалик хонандаси Стиви Никс қўшилмаган.
Миш-мишларга кўра, Стиви гуруҳ тарихи ҳақидаги биографик фильмда Ризнинг рол ўйнашини истамаган. Бунга сабаб қилиб актрисанинг бу ролни ижро этиш учун “жуда қарилиги” айтилган. Қизиғи шундаки, Уизерспун Никсдан 27 ёш кичик бўлган.
Оливия Уайлд
“Доктор Хаус” сериалидан сўнг машҳурликка эришган Оливия, афсуски, Леонардо Ди Каприо билан бирга “Уолл-стрит бўриси” фильмида рол ижро эта олмаган. Расмий рад жавобида Уайлд бу каби фильм учун “жуда мураккаб” экани айтилган эди.
Кейинроқ актриса бу ибора нимани англатишини тушуниб етди. Аслида ўша пайтда 32 ёшда бўлган Уайлдни ёшроқ Марго Роббига (у 25 ёшда эди) нисбатан заиф рақобатчи деб ҳисоблашган. Бошқа томондан, айнан шу фильм австралиялик Маргога Голливудга ёриб кириш ва сўнгги беш йилликнинг энг етакчи актрисаларидан бирига айланиш имконини берди.
Кетрин Зета-Жонс
Кетрин актёрлик зинапоясидаги илк қадамларини эслар экан, ёшга доир чекловларни ҳам тилга олади. Хусусан, актриса 18 ёшга тўлганида, британиялик бастакор Ллойд Уэббер уни “Муҳаббат қирралари” мюзиклига олмаган ва бунга қизнинг жуда жозибадор, бироқ айни пайтда унчалик ёш эмаслигини сабаб қилиб кўрсатган.
Қизиқ, “Зорро ниқоби” фильмидан сўнг Голливуд эътиборини тортган Зета-Жонснинг муваффақияти ҳақида Ллойд нима деган экан? Ахир ўша пайтда Кетрин деярли 30 ёшда эди.
Жейн Фонда
Гарчи тўғрисўз бўлса-да, юлдуз актрисаларга энг кўп босим ўтказиб, уларни пластик жарроҳлик ва “гўзаллик уколлари” ёрдамида ёшаришга мажбурлайдиган кимсаларнинг исмларини ошкор этмайди.
Фонда ёши сабабли бир нечта яхши ролга тасдиқланмаганини ҳам яширмайди. Бироқ машҳур актриса юзини ўша кимсалардан бирининг талаби билан торттирганми ёки ўзи учунми – бу ҳақда гапирмайди.
Мелани Гриффит
Мелани Гриффит мисолида адолатсизлик ҳақида унинг ўзи эмас, балки қизи Дакота Жонсон айтиб берган. Дакотага кўра, онаси кўп йиллардан бери ишсиз юришига 40 ёшдан ошган аёлларга рол бермайдиган шафқациз кино саноати сабабчи.
Бироқ мухлислар Гриффитнинг бу мажбурий танаффуси Меланининг хавфли одатлари — унинг юзини бутунлай ўзгартириб юборган алкоголь ва пластик амалиётлар билан боғлиқ, деб ҳисоблашади.








