2027-йили Хитойда бўлиб ўтадиган ёшлар (U-20) ўртасидаги Осиё Кубоги мусобақасининг саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг навбатдаги учрашувини ўтказди.
B гуруҳидан ўрин олган навбатдаги баҳсда Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлари Сурия терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 3:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
Учрашувнинг 10-дақиқасидаёқ Диёр Эрманов ҳисобни очиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Асосий вақт якунланиб бораётган бир паллада, аниқроғи 81-дақиқада Қувончбек Абраев устунликни иккитага оширди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+4-дақиқада эса Даврон Тўлаганов пенальтидан унумли фойдаланиб, якуний ҳисобни ўрнатди.
Ушбу ғалаба эвазига Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари 9 очко тўплаган ҳолда ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллади ва Осиё Кубогининг асосий босқичига йўлланмани нақд қилди.
Шунингдек, гуруҳда 6 очко тўплаган Ҳиндистон ёшлар терма жамоаси ҳам 2-ўрин эгаси сифатида Хитойда ўтадиган Осиё Кубоги йўлланмасига эга чиқди. Сурия (3 очко) ва Бангладеш (0 очко) эса саралашдаги иштирокини якунлади.
Ушбу турнир 2027-йилнинг 24 мартидан 10 апрелига қадар Хитойда ўтказилади. Осиё Кубогида ярим финалга етиб борган (кучли тўртлик) жамоалар эса 2027-йилги FIFA U-20 Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Аҳамиятлиси, Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ўтказиладиган ушбу кичик мундиалга Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мезбон сифатида автоматик тарзда йўлланмани қўлга киритиб бўлган.
U-20 Осиё Кубоги-2027. Саралаш турнири
Ўзбекистон — Сурия 3:0
Голлар: 1:0 — Диёр Эрманов (10), 2:0 — Қувончбек Абраев (81), 3:0 — Даврон Тўлаганов (90+4, пенальти).








