Daryo

Францияда 2026 йил энг иссиқ ёз сифатида қайд этилди

Мамлакатда июнь охирида кузатилган иссиқ тўлқини ўзининг юқори даражадаги интенсивлиги билан рекорд ўрнатган. Ушбу даврда иссиқлик билан боғлиқ 2 025 та қўшимча ўлим ҳолати қайд этилган.

2 дақиқа ўқиш3 059 кўришлар0 изоҳ0

Францияда 2026 йил ёзи метеорологик кузатувлар бошланган 1900 йилдан бери энг иссиқ ёз бўлди. Мамлакат бир неча кучли иссиқ тўлқинларини бошдан кечирди. Франция атроф-муҳит вазири Моник Барбу бу даврни мамлакат тарихидаги рекорд ёз сифатида баҳолади.

Францияда июнь охирида кузатилган иссиқ тўлқини ўзининг юқори даражадаги интенсивлиги билан рекорд ўрнатган. Ушбу даврда иссиқлик билан боғлиқ 2 025 та қўшимча ўлим ҳолати қайд этилган. Ўлимлар, айниқса, 45 ёшдан катта аҳоли орасида кўпайган.

Июль охиридан августгача давом этган яна бир иссиқ тўлқини 23 кун давом этиб, 1983 йилда қайд этилган рекордни такрорлаган. Шу даврда Франциянинг одатда салқин ва нам ҳудудларида ҳам йирик ўрмон ёнғинлари содир бўлган.

Меtео France маълумотларига кўра, 2026 йил ёзида мамлакат бўйича ўртача ҳарорат 24 даражани ташкил этган. Бу одатий ўртача кўрсаткичдан 3,6 даражага юқори. Ёз давомида ёғингарчилик миқдори ҳам кескин камайиб, қарийб 40 фоизлик танқислик кузатилган. Бу кузатувлар бошланганидан бери энг қуруқ иккинчи ёз бўлган.

Франция ҳукумати иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича янги чораларни ишлаб чиқмоқда. Атроф-муҳит вазири тегишли хулосалар сентябрь охиригача, жумладан, беш йиллик молиялаштириш режаси билан бирга тақдим этилишини маълум қилди.

2026 йил ёзида Франция, Италия, Испания, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларида миллионлаб одамлар экстремал иссиқликни бошдан кечирди. Европа 1980 йиллардан бери дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан қарийб икки баравар тез исиб бораётган қитъа ҳисобланади.

Германияда 6 апрелдан 9 августгача бўлган даврда жазирама билан боғлиқ ўлимлар сони 14 мингга яқинлашгани ҳақида хабар берилганди. Олимлар ушбу баҳолаш консерватив экани, реал вазият бундан ҳам оғирроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Юқори ҳаво ҳарорати энг кўп 85 ёшдан ошганларга таъсир кўрсатган. Ушбу ёш гуруҳида 7 040 киши вафот этган. 75–84 ёшлар орасида тахминан 3 450 та, 65–74 ёшдагилар орасида эса 2 170 та ўлим ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, 1 320 та ўлим 65 ёшгача бўлганлар ҳиссасига тўғри келган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар