Uber ва Британиянинг сунъий интеллект компанияси Wayve 3 сентябрь куни Лондонда автоном автомобилларда йўловчи ташиш хизматини ишга туширди. Шу тариқа Лондон Uber роботаксилари фаолият юритаётган Европадаги иккинчи шаҳарга айланди. Биринчи шаҳар Загреб бўлган.
Хизматнинг дастлабки босқичида автомобилни назорат қилиш учун унинг ичида лицензияга эга оператор бўлади. Тўлиқ ҳайдовчисиз режимга ўтиш эса кейинроқ амалга оширилиши режалаштирилган. UberX, Uber Comfort ёки Uber Electric хизматини буюртма қилган йўловчиларга қўшимча тўловсиз Wayve технологияси билан жиҳозланган Ford Mustang Mach-E автомобили берилиши мумкин.
Дастлаб хизматда 20 тадан кам автомобил қатнашади. Бироқ Лондонда тўлиқ ҳайдовчисиз хизматни йўлга қўйиш учун тартибга солиш билан боғлиқ бир қатор масалалар, жумладан, Транспорт фор Лондон томонидан рухсат бериш жараёнидаги кечикишлар ҳал қилиниши керак.
Wayve маълумотларига кўра, компаниянинг сунъий интеллект асосидаги AI Driver тизими инсон ҳайдовчисига ўхшаб тажриба орқали ўрганади. Бу унга янги йўллар, транспорт воситалари, об-ҳаво шароитлари ва турли шаҳарларга мослашиш имконини беради.
Uber 2024 йилда Wayve билан ҳамкорликни бошлаган ва компанияга сармоя киритган. Томонлар келажакда Wayve технологияси асосида ишлайдиган автомобилларни бир нечта бозорларда ишга туширишни режалаштирган.
Қозоғистонда 7 август куни илк бор йўловчили учувчисиз такси ҳавога кўтарилгани ҳақида хабар берилганди. Бу парвоз мамлакатдаги илк шундай синов бўлиб, реал шароитларда учувчисиз йўловчи ташиш технологиялари имкониятларини намойиш этган.








