Каталониянинг “Барселона” клуби хорватиялик посбон Доминик Ливаковични жорий мавсум учун Ла Лигада рўйхатдан ўтказишда жиддий қийинчиликларга дуч келди. Клуб 31 ёшли дарвозабон трансферини 27 август куни расман эълон қилган эди. Аслида раҳбарият бу ёзда янги дарвозабон сотиб олишни режалаштирмаган эди. Бироқ клуб спорт директори Деку келажакда Войтцех Шеснига муносиб ўринбосар тайёрлаш мақсадида Ливакович трансферини олдиндан ҳал қилиб қўйишга қарор қилган.
Дастлабки режага кўра, хорватиялик футболчи жамоа сафига 2027/2028-йилги мавсумда — Шеснининг шартномаси якунлангач қўшилиши керак эди. Аммо вазият ўзгариб, “Барселона” уни жорий мавсумнинг ўзидаёқ сотиб олишга қарор қилди. Marca нашрининг хабар беришича, айни пайтда Испания чемпионатининг молиявий фейр-плей ва маошлар лимити билан боғлиқ қатъий қоидалари сабаб клуб янги ўйинчини рўйхатдан ўтказа олмаяпти.
Агар “Барселона” трансфер ойнаси ёпилгунига қадар маошлар лимитида жой очолмаса, Ливакович ижара асосида бошқа жамоага ўтади.
Эслатиб ўтамиз, каталонияликлар ушбу трансфер учун Туркиянинг “Фенербахче” клубига 2 миллион евро тўлаган. Агар шартномадаги маълум талаблар бажарилса, турк клуби яна шунча миқдорда бонус олиши кўзда тутилган.








