Daryo

Ўзбекистон клубларининг стадионлари нега тез яроқсиз ҳолатга келади?

Ҳар йили Ўзбекистон стадионларидаги майсалар ҳолатининг ёмонлашиши мухлислар ва мутахассислар ўртасида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланади. Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг (ЎзПФЛ) “Лига Минбари” подкастида айнан шу муаммо, унинг сабаблари ва ечимлари таҳлил қилинди.

2 дақиқа ўқиш4 200 кўришлар0 изоҳ0

Ҳар йили Ўзбекистон стадионларидаги майсалар ҳолатининг ёмонлашиши мухлислар ва мутахассислар ўртасида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланади. Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг (ЎзПФЛ) “Лига Минбари” подкастида айнан шу муаммо, унинг сабаблари ва ечимлари таҳлил қилинди.

Дастур бошловчиси Диёр Имомхўжаевнинг стадионлар ҳолати бўйича берган саволларига ЎзПФЛнинг Стадионлар бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Учқун Қувончов батафсил жавоб берди. Мутахассиснинг таъкидлашича, стадион майсасини идеал ҳолатда сақлаб туриш фақатгина сув қуйишдан иборат эмас. Бу йил давомида олиб бориладиган мураккаб агротехник тадбирларни талаб этади.

“Авваламбор, майдонларга қараш — узлуксиз жараён. Ўз вақтида бериладиган ўғитлар, қиш, куз ёки ёз мавсумларида қилинадиган ўзига хос ишлар графикка қатъий боғланган бўлиши керак. Буларнинг барчаси бажарилаётган ўйинлар сони ва об-ҳаво шароитига бевосита дахлдордир”, дейди Учқун Қувончов.

Ўзбекистондаги стадионларнинг 80-90 фоизи усти очиқ ҳолатда қурилган. Бу эса майсаларнинг ёзги жазирамадан тўғридан тўғри зарар кўришига олиб келади. Қайд этилишича, жорий йилда ҳаво ҳарорати 50 даражадан ҳам ошган вақти кузатилган ва бу майсалар учун жиддий синов бўлган. Шунга қарамай, ҳаво ҳарорати қанчалик иссиқ бўлмасин, тўғри парвариш ва юкламаларни тўғри тақсимлаш орқали майдонни сақлаб қолиш мумкин.

“Агар сифатли озиқлантирилса ва айни энг иссиқ вақтларда майдонда футбол ўйинлари ўтказилмаса, майсани сақлаб қолса бўлади. Бунга Қаршининг ‘Насаф’ ва Фарғонанинг ‘Нефтчи’ клублари стадионларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. 50 даражадан ошган иссиқда ҳам улар майдонни идеал ҳолатда сақлаб қола олишди. Демак, агротехник қоидалар тўғри бажарилса, иқлим инжиқликларини енгиб ўтиш мумкин”, деб тушунтирди ЎзПФЛ вакили.

Суҳбат давомида мутахассис Ўзбекистон иқлими шароитида стадионларда асосан қайси ўт навларидан фойдаланилишига ойдинлик киритиб ўтди. Қайд этилишича, майдонлар ҳолатини йил давомида бирдек сақлаб туриш учун мавсумга қараб асосан икки турдаги майсадан фойдаланилади.

Улардан биринчиси — баҳор, ёз ва куз ойларига мўлжалланган “Поа пратенсис” (мятлик) нави бўлиб, у маҳаллий иқлимга жуда мос келади ҳамда 40-45 даражали жазирамага ҳам бардош бера олади. Қиш мавсумида эса “Лолиум” (райграс) майсасидан фойдаланади. Ушбу нав +5 дан 20 даражагача бўлган ҳароратда идеал ўсади, шунингдек, ҳаво ҳарорати нол ёки -1 даражагача пасайган вақтда ҳам нобуд бўлмасдан, майдоннинг яшил ҳолатини барқарор сақлаб қолишга хизмат қилади.​

Qashqadaryo viloyatidanman. O’zbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti, Bosma OAV fakulteti, Sport jurnalistikasi yo‘nalishini tugatganman. “Daryo”da 2025-yilning mart oyidan beri ishlayman va xabarlar hamda tahliliy maqolalar yozaman. Har yili Qozog‘istonning “Hokim” kinosini kamida bir marta ko‘raman. Said Ahmadning “Ufq” trilogiyasini sevib o‘qiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар