Швейцариянинг “Лугано” клубига кўчиб ўтган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов жамоа матбуот хизматига интервью берди. Унда футболчи янги клубига мослашув жараёни, Жаҳон чемпионатидаги тажрибаси ҳамда келгуси мақсадлари ҳақида тўхталиб ўтган.
“ ‘Луганo’ мен учун трамплин вазифасини ўтаб беради. Жамоада мени жуда илиқ кутиб олишди. Бу клуб сафига қўшилганимдан бахтиёрман ва ушбу саргузашт фаолиятимда муҳим рол ўйнашига ишонаман. Европа жамоаларида тўп суришни ёшлигимдан орзу қилардим, шу боис ҳозир мотивациям жуда юқори.
Жаҳон чемпионатидан кейин бизга кўплаб жамоалардан таклифлар тушди. Уларнинг барчасини кузатиб, ўрганиб чиқдик ва якунда айнан ‘Луганo’ варианти кўпроқ маъқул келди. Шу сабабли ушбу жамоани танладим”, дейди Каримов.
Ҳимоячи Ўзбекистон миллий жамоаси сафидаги Жаҳон чемпионати баҳслари унинг футболчи сифатида ўсишига қандай таъсир қилгани ҳақида ҳам гапириб ўтди:
“Мундиалдаги иштирок мен учун улкан тажриба мактаби бўлди. Ўйин вақтида иложи борича дарвоза сари зарба беришга, ҳеч нарсадан қўрқмасликка ҳаракат қиламан. Агар ҳаяжонни енгиб, қўрқувсиз ўйнасам, барча имкониятларимни ишга сола оламан.
Асосий мақсадим — ўзимиз иштирок этадиган барча мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритиш. Майдон ташқарисида эса хотиржамликни хуш кўраман. Ҳозирги кунда инглиз ва италян тилларини ўрганиш билан бандман.
‘Луганo’ мухлисларидан жамоамизни доим қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан. Биз эса чиройли ўйинларимиз билан уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Форза ‘Лугано!’ ”, дея ўз сўзларини якунлади ўзбекистонлик футболчи.
Маълумот учун, 2007-йилда туғилган ва шу вақтга қадар Термизнинг “Сурхон” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган Каримов янги клуби билан 5 йиллик битим имзолади. Шартнома муддати 2031-йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.








