Daryo

Шифохоналарга 2026 йилда 900 дан ортиқ ҳужум уюштирилди — ЖССТ

Бу ҳар куни ўртача тўртдан ортиқ ҳужум содир этилганини билдиради. Оқибатда 1.5 мингга яқин фуқаро жароҳат олган ва 911 киши ҳалок бўлган.

2 дақиқа ўқиш2 916 кўришлар0 изоҳ0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2026 йилда тиббиёт муассасалари ва ходимларига 914 та ҳужум уюштирилганини қайд этди. Оқибатда камида 911 киши ҳалок бўлди ва 1486 киши яраланди. Бу ҳақда БМТ маълум қилди.

Бу ҳар куни ўртача тўртдан ортиқ ҳужум содир этилганини билдиради. Бундан ташқари, ушбу даврда тиббиёт ходимлари ва беморларни ўғирлаш, ҳибсга олиш ҳамда ушлаб туриш билан боғлиқ 44 та ҳолат рўйхатга олинган. Аксарият ҳолатлар тиббиёт ходимларини ушлаб туриш билан боғлиқ бўлиб, бундан 94 киши жабрланган.

ЖССТнинг гуманитар ёрдам ва табиий офатларни бошқариш бўйича директори Алтаф Мусанийнинг сўзларига кўра, 2018 йилдан бери тиббиёт муассасаларига 10 400 дан ортиқ ҳужум ҳужжатлаштирилган. Ушбу ҳужумлар оқибатида тахминан 5700 киши ҳалок бўлган ва яна 8500 киши тан жароҳати олган.

2026 йил тиббиёт соҳасига қилинган ҳужумлардан энг кўп Украина, Ливан ва босиб олинган Фаластин ҳудудлари жабр кўрди. Шунингдек, Мьянма, Эрон, Судан, Конго Демократик Республикаси, Жанубий Судан, Россия Федерацияси, Сурия ва Нигерияда ҳам тиббиёт муассасаларига ҳужумлар қайд этилган. ЖССТ Яқин Шарқдаги уруш давомида, жумладан Ливан, Исроил ва Эронда тиббиёт объектларига қилинган ҳужумларни рўйхатга олишда давом этмоқда.

2026 йилда энг кўп учраган ҳужум тури оғир қуроллардан берилган зарбалар бўлди. ЖССТ касалхонага ҳужум қилинганда фақатгина ичкаридаги одамлар жабр кўрмаслигини таъкидлади. Бу шуни англатадики, ҳужумдан кейинги кунларда беморлар зарур хизматларни ололмайди, тиббиёт ходимлари ишидан айрилади ва ҳаётий муҳим дори-дармонлар таъминоти узилади.

Айбдорларни жавобгарликка тортиш масаласида Мусани ташкилотда бунинг учун ваколат ҳам, зарур ҳуқуқлар ҳам йўқлигини таъкидлади.

“Афсуски, тасдиқланган 10 мингдан ортиқ ҳужумдан бирортаси ҳам ҳали жавобгарликка тортилмаган”, деди у.

Аввалроқ ЖЖСТ сўнгги тўрт йилда Европада иссиқдан 200 минг одам вафот этгани ҳақида маълумот берганди. Ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси директори Ҳанс Клюгега кўра, охирги 20 йилда иссиқлик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 30 фоизга ошган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар