“Манчестер Сити” “Челси” вингери Педру Нетуни ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ Лондон клуби 26 ёшли португалиялик футболчи учун белгиланган нархни пасайтирмоқчи эмас. Шу сабаб трансфер бўйича келишувга эришиш мураккаб кечиши айтилмоқда.
Инсайдер Фабрицио Романога кўра, “Манчестер Сити” Нету учун “Челси” талаб қилаётган суммадан анча кам маблағ таклиф қилишни режалаштирган. “Кўклар” раҳбарияти эса ўз позициясида қатъий турибди ва футболчини арзонроқ нархда қўйиб юборишни истамаяпти.
Агар трансфер амалга ошса, Нету “Манчестер Сити”да Энцо Мареска билан яна бирга ишлаши мумкин. Португалиялик футболчи аввалроқ “Челси”да италиялик мутахассис қўл остида тўп тепган. Унинг Лондон клуби билан амалдаги шартномаси 2031-йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt Нетунинг бозор қийматини 60 миллион еврога баҳоламоқда. Шунингдек, футболчига “Арсенал”, “Ливерпуль” ва “Тоттенҳэм” томонидан ҳам қизиқиш бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ҳозирча “Манчестер Сити” ва “Челси” ўртасида трансфер бўйича расмий келишув мавжуд эмас.








