Daryo

15 млн Қозоғистон фуқаросининг маълумоти даркнетда сиздирилгани ҳақида хабар тарқалди

Улар орасида паспорт, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари ва иш жойи ҳақидаги маълумотлар борлиги айтилмоқда. Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги муносабат билдирди.

2 дақиқа ўқиш8 175 кўришлар0 изоҳ0

Ижтимоий тармоқларда 15 миллион Қозоғистон фуқаросининг шахсий маълумотлари даркнетга сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги мазкур вазиятга муносабат билдирди.

Ҳакер қозоғистонликларнинг маълумотларини даркнетда сотувга қўйгани тахмин қилинмоқда. Даркнетга жойланган файл ҳажми тахминан 2,7 гигабайтни ташкил этади, ундаги ёзувлар умумий сони эса 47 миллион қаторга етади.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, сотувчи маълумотлар базасини 0,5 биткоин, яъни тахминан 32 минг долларга баҳолаган. Маълумотлар тўпламида фуқароларнинг шахсий ва алоқа маълумотлари, жумладан, паспорт маълумотлари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, иш жойи ҳақидаги маълумотлар, ҳужжатларнинг сканерланган нусхалари ва пароллар мавжудлиги айтилмоқда.

Ҳакер Қозоғистон фуқароларининг маълумотларини eGov порталига бузиб кириш натижасида қўлга киритгани даъво қилинган. Вазирлик ҳозирда тегишли хизматлар билан биргаликда техник текширув ўтказилаётганини маълум қилди. Жумладан, маълумотлар намунаси таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш манбаси аниқланади.

“Айни пайтда электрон ҳукумат ахборот тизимларига бузиб кирилгани ва маълумотлар бевосита eGovдан олингани ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, хабарларда келтирилган маълумотларнинг бир қисми электрон ҳукумат портали тузилмаси ва форматига мос келмайди.

“Хусусан, eGov’да паспортларнинг сканер-нусхалари даъво қилинган шаклда сақланмайди, рақамли ҳужжатлар эса бошқа форматда бўлади. Даркнет фойдаланувчиси томонидан маълумотлар базасининг келиб чиқиши ҳақидаги баёноти eGov тизими бузилганининг тасдиғи сифатида қаралиши мумкин эмас”, дея таъкидлади идора.

Техник текширув давом этмоқда. Унинг натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади. Шунингдек, идора фуқароларга рақамли хавфсизликнинг асосий чораларига риоя қилишни тавсия қилди: SMS-кодлар, пароллар ва ЭРИ маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик, шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик ҳамда турли хизматлар учун турли пароллардан фойдаланиш зарур.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида Ўзбекистоннинг тўртта ташкилоти ахборот тизимлари киберҳужумга учрагани ва бунинг оқибатда 15 миллионга яқин фуқаронинг маълумотлари сизиб чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўшанда 15 млн фуқаронинг маълумотлари эмас, балки 60 мингга яқин уникал ёзув тарқалганини таъкидлаганди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар