Франциянинг Гравелинес атом электр станциясида 10 август куни кечқурун медузаларнинг кўп миқдорда ёпирилиб келиши сабабли учта реактор ўчирилди. Бу ҳақда станция оператори EDF компанияси маълум қилди.
Мамлакат шимолида жойлашган бу АЭС мамлакатдаги энг йирик станциялардан биридир. У Шимолий денгизга уланган канал суви билан совитилади. Станциянинг олтита блоки бўлиб, уларнинг ҳар бири 900 мегаватт, жами эса 5,4 гигаватт электр энергияси ишлаб чиқаради.
Meдузaлар ёпирилиши сабабли 2, 3 ва 4-реакторлар тармоқдан узилди. Профилактика чораси сифатида 1-реакторнинг қуввати 50 фоизгача чекланди. 5-реактор режадаги таъмирлаш ишлари сабабли аввалдан ўчиқ эди. 6-реактор эса тўлиқ режимда ишлашни давом эттирмоқда.
Станция 2025 йилда тўлиқ ўчиб қолган эди. Шундан сўнг оператор келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун янги кузатув ва балиқ тутиш усулларини жорий қилган. Муҳандиснинг Reuters агентлигига маълум қилишича, EDF каналларга ва филтр барабанларига махсус камералар ўрнатган. Бу тиқилмаларни иложи борича барвақт аниқлашга ёрдам беради.
Шунингдек, компания Франция балиқчилик ташкилоти ва денгизда қутқариш хизмати билан ҳамкорлик ўрнатган. Улар медузалар тўдасини кузатади. Агар хавф аниқланса, балиқчилар медузалар станцияга етиб келмасидан олдин уларни тўрлар билан тутиб, тўда зичлигини камайтиради.
Дастлабки огоҳлантиришдан сўнг 8 август куни балиқчилик кемалари сафарбар қилинди. Бу билан медузалар етказадиган зарарни камайтириш кўзланганди. Станция ҳудудига кириб бўлган медузалар эса махсус вакуумли юк машиналари ёрдамида тозаланмоқда. Янги медузалар оқими йўқлиги сабабли тозалаш ишлари якунланмоқда.
Бу реакторлар фаолиятини тез орада қайта тиклаш имконини беради. EDF компаниясининг таъкидлашича, ушбу вазият иншоот хавфсизлигига, ходимларга ёки атроф-муҳитга ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Олимларнинг огоҳлантиришича, глобал исиш, бегона турларнинг пайдо бўлиши, йиртқичларнинг камайиши ва балиқларнинг меъёрдан ортиқ тутилиши сабабли бундай ҳолатлар тез-тез такрорланиши мумкин.
Бундан ташқари, EDF мамлакат бўйлаб иссиқлик сабабли қуввати чекланган бошқа реакторлар муаммосига ҳам дуч келмоқда. Чунки ҳафталардан бери давом этаётган бешинчи иссиқлик тўлқини Франция АЭСларида электр энергияси ишлаб чиқаришни қисқартириши кутилмоқда.
Шимолдаги битта реактор дарёлардаги сув сатҳининг пасайиши сабабли ёзнинг аксарият қисмида ўчиқ бўлди. Яна бир реактор эса июль ойида фаолиятини тўлиқ тиклай олмади ва асосан ўчиқ ҳолатда қолмоқда.








